Logo

Араб ОАВ: Ўзбек–япон халқларини ўзаро менталитет, урф-одат ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги боғлаб туради

Декабрь 22, 2025. 10:28 • 3 дақ

99
Араб ОАВ: Ўзбек–япон халқларини ўзаро менталитет, урф-одат ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги боғлаб туради
Араб ОАВ: Ўзбек–япон халқларини ўзаро менталитет, урф-одат ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги боғлаб туради
Араб ОАВ: Ўзбек–япон халқларини ўзаро менталитет, урф-одат ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги боғлаб туради
Араб ОАВ: Ўзбек–япон халқларини ўзаро менталитет, урф-одат ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги боғлаб туради
Араб ОАВ: Ўзбек–япон халқларини ўзаро менталитет, урф-одат ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги боғлаб туради

АР-РИЁЗ, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ҳамда ташриф доирасида ташкил этилган турли учрашувлар ҳақида жаҳондаги етакчи ОАВда кўплаб материаллар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Саудия Арабистонининг “Sahm News”, “Wrkaa News”, “Al Harir”, Ироқнинг “Agnaden”, Яманнинг “Hadramawt” электрон ва босма нашрларида ҳам бир қанча мақолалар чоп этилди.

Материалларда таъкидланишича, Ўзбекистон етакчисининг илк учрашуви Япония императори Нарухито билан кўришишдан бошланган.

Япония императори давлатимиз раҳбарини самимий қутлар экан, Ўзбекистон Президентининг бу галги ташрифи Ўзбекистон – Япония дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеа эканини таъкидлади.

Мамлакатимиз Президенти император Нарухитога чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдириб, Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик изҳор этди.

Берилган мақолаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Токиода “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитидаги иштироки бўйича ҳам атрофлича маълумот берилган.

Япония Бош вазири Санаэ Такаичи раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашган.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бундан 20 йил муқаддам айнан кунчиқар юрт илк бор “Марказий Осиё плюс” мулоқотининг ташаббускори бўлганини қайд этди. Буюк ипак йўли давридан ривожлана бошлаган яқин савдо ва маданий алоқалар, ўхшаш анъана ва урф-одатлар, маънавий, маданий ва оилавий қадриятлар Марказий Осиё ва Япония ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос ҳисобланади.

Манбаларда билдирилишича, ўзбек ва япон халқлари географик жиҳатдан бир-биридан олис бўлишига қарамай, уларни менталитетлар, урф-одатлар ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги, илдизлари Буюк Ипак йўли даврига бориб тақаладиган кўп асрлик тарихий алоқалар боғлаб туради. Икки томонлама ҳамкорлик, айниқса, таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувлар соҳасида изчил кенгайиб бормоқда. Бугунги кунга қадар 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар Японияда амалиёт ўтади, 440 нафардан зиёди эса стипендия асосида олий маълумотга эга бўлди. Ўзбекистондаги 7 та университетда япон тили ўқитилмоқда.

Жорий ташриф доирасида Токиода Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Келгуси йили Япониянинг бир нечта шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган археологик кўргазма ташкил этилиши режалаштирилган.

Эълон қилинган мақолаларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Япониянинг етакчи компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашуви ҳақида батафсил тўхталиб ўтилган.

Жумладан, ташкил этилган учрашувларда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Рёсэй Аказава, “Sojitz”, “Sumitomo”, “Toyota”, “ITOCHU”, “Mitsubishi”, “Marubeni”, “Daito Trust Construction”, “NEC”, “SBI Holdings”, “Ajinomoto”, “Japan Tobacco”, “Hitachi”, “Mitsui”, “Balcom”, “NEC”, “Eurus Energy”, “Chubu Electric Power”, “Shikoku Electric”, “Shimizu”, “Hankyu Travel International” каби нуфузли компания раҳбарлари билан фикр-мулоҳаза алмашилган.

Шунингдек, Япония металл ва энергетика соҳасида хавфсизлик ташкилоти (JOGMEC), Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Япония экспорт ва инвестицияларни суғурталаш компанияси (NEXI), Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO), Япония МДҲ мамлакатлари билан савдо бўйича ассоциацияси (ROTOBO), “Norinchukin” ва “SBI Shinsei” банклари, Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси каби йирик корпорациялар ва молия институтларининг топ-менежерлари билан ҳам тегишли масалалар бўйича мулоқот қилинган.

Давлатимиз раҳбари Япония ишбилармонларини саноатлашувни тезлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш жараёнларида фаол иштирок этишга таклиф қилди. Шу маънода, Япония ишбилармон доиралари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш