Logo

Покистон ОАВ: Ўзбекистон учун очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадриятга айланмоқда

Декабрь 21, 2025. 12:30 • 3 дақ

75
Покистон ОАВ: Ўзбекистон учун очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадриятга айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 21 декабрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press of Pakistan” АА ва “The World News” нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишлаб Ашхободда бўлиб ўтган халқаро форумдаги иштироки ва нутқини кенг ёритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ашхободда бўлиб ўтган Туркманистоннинг доимий бетарафлигининг 30 йиллиги ва Халқаро бетарафлик кунига бағишланган халқаро форумда иштироки ва нутқи икки қардош давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг чуқурлигини, шунингдек, минтақавий ва глобал сиёсатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий қарашларини яққол намойиш этди”, – дейилади мақолаларда.

Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистонни доимий бетарафликнинг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, ушбу қутлуғ сана Туркманистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан тинч, ишончли, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо содиқ бўлиб келаётганини ўзида мужассам этишини қайд этди.

Ўзбекистон етакчиси туркман халқининг замонавий ўзига хослигининг ажралмас қисмига айланган Туркманистоннинг бетарафлиги унинг чуқур тарихий анъаналари, маданий ва маънавий қадриятларига, олижаноблик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби эзгу фазилатларига таянишини урғулади. Шу боис, Туркманистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Тинчлик ва бетарафлик университетини ташкил этиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, давлат раҳбари, Янги Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадриятлар эканлигини таъкидлади. Бунинг тасдиғи сифатида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббуси илгари сурилганини келтириш мумкин. Ушбу ташаббус инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиёт учун интилаётган барча томонларни мулоқотга жалб этишга қаратилган.

“Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида мамлакат тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашишни бош устувор йўналишлар сифатида белгилашни мақсад қилган. Раислик давомида, шунингдек, келгуси авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилиш режалаштирилган. Унинг доирасида конференция ва форумлар ташкил этиш, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувларини қамраб оладиган тадбирлар дастури қабул қилинади”,– дейилади нашрларда.

Покистон ОАВ ёзганидек, маърузада ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатнинг ҳам асоси эканлиги қайд этилди.

“Ўтган ойда Тошкентда бўлиб ўтган минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар, кўпқиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканимизни яна бир бор кўрсатди”, – дея Ўзбекистон раҳбари сўзларидан иқтибос келтирилган мақолаларда.

Бундан ташқари, материалларда давлатимиз раҳбари ўзаро ҳурмат, ишонч ва бирдамликка асосланган гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади ва келгуси йили Тошкентда “Маданиятлар мулоқоти” қўшма халқаро гуманитар форумини ўтказишни ва “Ёшлар тинчлик ва ишонч учун” минтақавий дастурини ишга туширишни таклиф қилгани маълум қилинган.

Шунингдек, Покистон ОАВ Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сўнгги йилларда стратегик хусусиятга эга бўлганини, ики томонлама савдо айланмаси эса 2017 йилдан 2024 йилгача 6,4 баравар ошганини алоҳида урғулаган.

Мақолалар хулосасида “Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлади”, – деб ёзилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш