Logo

Россия ОАВ Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида ёзмоқда

Декабрь 21, 2025. 11:55 • 4 дақ

73
Россия ОАВ Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида ёзмоқда

МОСКВА, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорлик сиёсатига бағишланган мақолалар ёритилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “Вести Туризм” сайтида “Ўзбекистон – Евроосиёнинг янги сайёҳлик маркази” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида ўзини намоён этмоқда. Ушбу стратегияда Ўзбекистон азалдан муштарак маданий анъаналар, гуманитар қадриятлар ва яқин инсоний алоқалар билан боғланган минтақа – МДҲ билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Айнан шу омиллар сайёҳлик алмашинувининг барқарор ўсиши ва туризм соҳасида қўшма ташаббусларни ишга тушириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

“2024 ва 2025 йилларнинг январь–август ойларидаги статистик маълумотлар сайёҳлар оқимининг ишончли ўсишини яққол кўрсатмоқда. Хорижий сайёҳларнинг умумий сони 6,7 миллиондан 7,5 миллионга ошди, бу ўртача йиллик 15–20 фоиз ўсишга тўғри келади. 2025 йил якунлари бўйича 11 миллиондан ортиқ хорижий меҳмон келиши тахмин қилинмоқда. Бу кўрсаткич Ўзбекистонни минтақада туризм ўсиши бўйича етакчилар қаторига олиб чиқади”, – деб ёзади “Вести Туризм”.

Материалда айтилишича, Ўзбекистон – Буюк Ипак йўлининг юраги, цивилизациялар ва маданиятлар чорраҳаси бўлиб, бу заминда минг йиллик тарих ва замонавий ривожланиш суръатлари ёнма-ён яшамоқда. Мамлакатда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, улардан 209 таси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган тўртта шаҳар-музейларда жойлашган.

 Шунингдек, “Дороги и транспорт” нашрида минтақавий иқтисодий ҳамкорликда МДҲнинг “Транспорт йўлаклари” сиёсатининг аҳамияти хусусида мақола эълон қилинди.

Мақолада баён қилинишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакат миллий иқтисодиётни либераллаштириш, барқарор ўсиш ва глобал иқтисодий тизимга интеграциялашувга йўналтирилган чуқур трансформация йўлидан дадил бормоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари мамлакат ташқи савдо айланмаси динамикасида яққол намоён бўлди. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 60 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир. Республиканинг асосий савдо ҳамкорлари Хитой (умумий товар айланмасининг 19 фоизи), Россия (16 фоиз) ва Қозоғистон (6,0 фоиз) бўлиб қолмоқда.

Материалда таъкидланишича, савдо қиймат кўрсаткичларининг ижобий динамикаси юк ташиш ҳажмининг сезиларли даражада ўсишида ўз ифодасини топди. Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистоннинг халқаро юк ташиш ҳажми 2 баробарга ошди ва 2025 йилнинг 9 ойида қарийб 50 миллион тоннани ташкил этди.

Транзит ва экспорт-импорт операциялари ҳажмининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг транспорт-логистика салоҳиятини янада ошириш мақсадида замонавий ва юқори самарали транзит-логистика йўналишларини шакллантириш масаласи муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Географик жиҳатдан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган бўлиб, ривожланган транспорт инфратузилмаси билан уни халқаро савдо учун табиий хабга айлантиради. Мамлакатда темир йўл ва автомобиль йўлаклари, логистика марказлари, божхона терминалларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Экспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва қўшни давлатлар билан транспорт боғлиқлигини кучайтириш, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмаларда иштирок этиш устувор аҳамият касб этмоқда”, – дея фикр билдирилган мақолада.

МДҲга аъзо мамлакатларда 250 миллиондан ортиқ киши ёки дунё аҳолисининг қарийб 3 фоизи истиқомат қилади. Бу савдо-иқтисодий, саноат, инвестициялар, инновация ва транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш учун улкан демографик салоҳиятдир.

МДҲ минтақасида қарийб 2 миллион километр автомобиль йўллари ва 150 минг километрдан ортиқ темир йўллар қурилган бўлиб, улар минтақавий транспорт боғлиқлигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ушбу инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлиги жорий юк ташиш статистикасида яққол намоён бўлади. 2025 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон ва МДҲ давлатлари ўртасидаги умумий юк ташиш ҳажми 44 миллион тоннадан ортиқни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 15 фоизга ошди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва МДҲ давлатлари ўртасида ҳафтасига 400 дан ортиқ мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда, бу эса барқарор йўловчи қатновини таъминлаб, минтақанинг транспорт боғлиқлигини мустаҳкамламоқда.

“Транзит салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун магистраль йўлларни жисмоний кенгайтиришнинг ўзи етарли эмас. Инфратузилма лойиҳалари билан бирга, божхона ва чегара жараёнларини рақамлаштириш орқали “яшил йўлаклар” барпо этиш устувор вазифа бўлиб қолиши керак. Маъмурий тўсиқларни бартараф этишгина МДҲ маконида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради”, дея хулоса қилинган материалда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш