Британиянинг нуфузли университет билан фармацевтика ва тиббиёт йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Декабрь 13, 2025. 16:31 • 2 дақ
• 95
ЛОНДОН, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиздаги Фармацевтика техник университети раҳбарияти Буюк Британиядаги Queen's University Belfast университети Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори, профессор Маргарет Топпинг билан онлайн мулоқот ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Британиядаги ушбу университет 1845 йилда ташкил этилган бўлиб, дастлаб “Queen’s College, Belfast” деб юритилган. Университет Англия ва Шимолий Ирландиядаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда унда 25 минг нафарга яқин талабалар таҳсил олмоқда. Муассасада 4 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритади. Университетда амалий фанлар, бизнес бошқаруви, муҳандислик, санъат ва ижтимоий фанлар, фармацевтика, ҳамширалик ва соғлиқни сақлаш йўналишларида сабоқ берилади.
Онлайн суҳбат жараёнида икки олий таълим муассасаси ўртасида фармацевтика ва тиббиёт йўналишларида ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда қўшма таълим лойиҳаларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида британияликлар Фармацевтика техник университети ҳамда “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери фаолияти билан таништирилди.
Учрашув давомида икки университет ўртасидаги таълим, фан ва инновация соҳаларида ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш масалалари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, фармацевтика, кимё-технология, биомедицина йўналишларида қуйидаги ҳамкорликни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди:
- бакалавриат ва магистратура йўналишларида қўшма таълим дастурларини жорий этиш;
- академик алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш;
- ўқитувчи ва профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш ва стажировка дастурларини ташкил этиш;
- маҳорат дарслари, қўшма семинарлар ҳамда илмий-тадқиқотлар ҳамкорлиги ўтказиш;
- илмий лабораториялар ўртасида тажриба алмашиш,
моддий-техник базалардан фойдаланиш;
- халқаро грантлар ва қўшма тадқиқот дастурларида иштирок этиш;
- ўқув-услубий ҳамкорлик;
- ўқув адабиёти, методикалар ва педагогик технологияларни биргаликда ишлаб чиқиш;
Бундан ташқари, томонлар мутахассислар учун малака ошириш дастурлари ва тренинглар ўтказиш ҳамда “dual diploma” шартлари бўйича ҳамкорликларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди