Россиянинг Приморье ўлкасидаги колонияда сақланаётган ватандошлар ҳолати ўрганилди
Апрель 09, 2026. 17:42 • 2 дақ
• 130
ВЛАДИВОСТОК, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Россиянинг Приморье ўлкасида жойлашган жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюриб, ушбу муассасада жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари билан консуллик учрашуви ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур колония аёллар учун мўлжалланган умумий тартибдаги жазони ижро этиш муассасаси ҳисобланади. У ерда ҳозирда 800 нафар маҳкум жазо ўтамоқда, шундан 95 нафари хорижий фуқаролардир. Улар орасида 10 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.
Учрашувнинг асосий мақсади – ватандошларимизнинг умумий ҳолати, сақланиш шароити ва соғлиғи билан яқиндан танишиш, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, чет элдаги ҳарбий тузилмаларга жалб этилишининг олдини олиш масалаларини тушунтиришдан иборат бўлди.
Суҳбат чоғида маҳкумаларнинг яшаш шароити, тиббий ҳолати ва ҳуқуқий масалалари ўрганилди. Уларга амалдаги қонунчилик, ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди.
Консуллик ходимлари ҳамюртларга чет давлатлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш Ўзбекистон қонунчилигига кўра жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини ҳам алоҳида тушунтириб ўтди.
Мулоқот давомида маҳкумалар ўзларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш, яъни жазони Ватанда давом эттириш масаласини кўриб чиқишни сўрашди. Бироқ айни пайтда Ўзбекистон ва Россия ўртасида бу масалани тартибга солувчи ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Ташриф чоғида яна бир муҳим масала ҳам ҳал этилди. Юртдошимиз номидан унинг вояга етмаган фарзандига вақтинчалик васийликни расмийлаштириш бўйича тегишли чора-тадбир амалга оширилди. Бу болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун зарур ҳисобланади. Тегишли ҳужжатлар яқин кунларда Ўзбекистондаги қариндошларига юборилади.
Учрашув якунида фуқароларга, агар уларнинг ҳуқуқлари бузилса ёки турли муаммолар юзага келса, дарҳол Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига мурожаат қилиши мумкинлиги маълум қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси