Она Ватан ва миллий қадриятларни соғинган диллар Анқарада бирлашди
Апрель 05, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 593
АНҚАРА, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Кеча Анқара шаҳрининг Кечиорен туманидаги “O‘zbek Sofrasi” ресторанида Элчихона ҳамда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш” жамияти ҳамкорлигида Наврўз байрами муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – Туркияда меҳнат қилаётган ҳамюртларнинг Ватан, оила, миллий қадриятларга бўлган эзгу қарашларини юксалтириш, ўзбек миллий маданияти, урф-одат ва анъаналарини тарғиб қилиш, фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Юқори савия ва кўтаринки руҳда ўтган тадбирда Туркиянинг турли ҳудудларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган 160 нафардан ортиқ юртдошлар иштирок этди.
Дастур доирасида миллий куй-қўшиқлар, лапарлар ижро этилди, дошқозонда анъанавий сумалак тайёрланди ва ўзбек миллий оши пиширилиб, иштирокчиларга тортиқ этилди. Ўзбекистондан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида жонли мусиқий чиқишлар ташкил қилиниб, иштирокчилар томонидан миллий рақслар ижро этилди. Байрам давомида барча иштирокчилар жўр овозда қўшиқлар куйлаб, байрамона муҳитни янада кўтаринки қилди.
Тадбирни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “ТРТ Аваз” телеканали мухбирлари ҳам жалб этилди. Маълум қилинишича, тадбир жараёнида намойиш этилган миллий рақслар жорий йил май ойида эфирга узатиладиган “Oynamayan Kalmasın” теледастурида намойиш қилиниши режалаштирилган.
Тадбир доирасида фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ватандошларни қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилиниб, консуллик хизматлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Иштирокчилар бу каби тадбирлар хорижда яшаб меҳнат қилаётган ватандошлар ўртасида миллий бирликни мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий руҳини кўтариш ҳамда ўзбек миллий маданиятини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар, бундай тадбирлар давлат томонидан чет элдаги ватандошларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси эканини қайд этиб, улар миллий ўзликни сақлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Келгусида ҳам шундай тадбирларни мунтазам ўтказиш, маданий дастурларни янада бойитиш ва миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш зарурлиги билдирилди.
Тадбир якунида Элчихона вакиллари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, меҳнат мигрантлари ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда ватандошлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси