Қоҳирада ватандошлар учун сайёр консуллик қабули бўлиб ўтди
Апрель 01, 2026. 16:48 • 2 дақ
• 83
ҚОҲИРА, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари томонидан ватандошлар учун навбатдаги сайёр консуллик қабули ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Қоҳира шаҳрининг Наср-Сити даҳаси, 7-туманида, кўплаб юртдошларимиз истиқомат қиладиган ҳудудда ташкил этилди. Унда 30 нафардан ортиқ ватандош иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бевосита жавоб олиш имконига эга бўлди.
Сайёр қабул давомида асосий эътибор консуллик-ҳуқуқий масалаларга қаратилди. Хусусан, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, ҳужжатларни легализация қилиш, турли мазмундаги маълумотнома ва ишончномалар бериш, шунингдек бошқа давлат хизматларини кўрсатиш ишлари амалга оширилди.
Дипломатлар ҳар бир мурожаат этувчига амалдаги консуллик тартиб-таомиллари, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари ва қонунчилик талаблари юзасидан батафсил тушунтириш берди. Шу билан бирга, ватандошларга вақтинчалик консуллик ҳисобида туришнинг аҳамияти, Миср ҳудудида бўлиш мақомини қонунийлаштириш ҳамда қабул қилувчи давлат қонунларига қатъий риоя этиш зарурлиги бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Бундай сайёр тадбирлар хориждаги ватандошларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва улар билан доимий алоқани мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси