Logo

Ўзбекистон элчиси Германиянинг Саксония-Анхальт федерал ҳудудида меҳнат миграцияси ва таълим соҳаси билан танишди

Апрель 03, 2026. 08:10 • 2 дақ

168
Ўзбекистон элчиси Германиянинг Саксония-Анхальт федерал ҳудудида меҳнат миграцияси ва таълим соҳаси билан танишди

ХАЛЛЕ, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Саксония-Анхальт федерал ҳудудида жойлашган Халле шаҳрида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида шаҳар раҳбарияти билан расмий учрашувлар ўтказилди, ушбу ҳудудда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва малака ошираётган ватандошлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Сафар давомида элчи Халле шаҳри обербургомистри Александр Фогт, Ўзбекистоннинг Германиядаги Қуйи Саксония ва Саксония-Анхальт федерал ўлкалари бўйича фахрий консули, “GP Günter Papenburg AG” компанияси бошқаруви аъзоси Ангела Папенбург билан музокаралар олиб борди.

Учрашувларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда гуманитар ҳамкорликни ҳудудлар даражасида янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш, Германиянинг илғор дуал таълим тизими асосида ўзбекистонлик ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан бирга, глобал меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон фуқароларини немис тили ва замонавий касбларга ўқитиш жараёнларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дипломатлар шаҳардаги корхона ва таълим муассасаларида фаолият юритаётган ватандошлар билан учрашиб, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари, таълим имкониятлари билан яқиндан танишди.

Ватандошлар билан очиқ ва самимий мулоқот давомида элчи мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва эришилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган ижтимоий-ҳуқуқий масалалар юзасидан ҳам тегишли тушунтириш ва амалий тавсиялар тақдим этилди.

Мулоқот чоғида фахрий консул Ангела Папенбург ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларини Германия жамиятига тезроқ мослаштиришга қаратилган махсус тил курслари ҳамда ижтимоий лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус нафақат тил ўрганиш, балки ўзаро мулоқотни ривожлантириш, маслаҳат бериш ва оилаларни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш