Logo

Етакчи япон компаниялари билан иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди

Февраль 17, 2026. 09:00 • 2 дақ

102
Етакчи япон компаниялари билан иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Етакчи япон компаниялари билан иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Етакчи япон компаниялари билан иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Етакчи япон компаниялари билан иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Етакчи япон компаниялари билан иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Етакчи япон компаниялари билан иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди

НИИГАТА, 18 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси дипломатларининг Ниигата шаҳрига ташрифи амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Дастлаб дипломатларимиз Ниигатадаги Япония халқаро университети магистратура бўлимида таҳсил олаётган 17 нафар ватандошимиз билан учрашди. Элчихона вакиллари талабалар билан очиқ мулоқот ташкил этиб, уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди, юзага келиши мумкин бўлган муаммолар муҳокама қилинди, консуллик хизматларига оид маълумотлар берилди.

Ниигата шаҳар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган 2 нафар Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам консуллик учрашуви амалга оширилди. Уларнинг сақлаш шароитлари, соғлиғи, озиқ-овқат таъминоти ва бошқа ҳолатлари ўрганилди. Маҳбусларнинг яқин қариндошлари билан телефон орқали мулоқот ўтказилди, улар томонидан яқинларига йўллаган хабарлар манзилларга етказилди.

Ташрифнинг иқтисодий дипломатияни ривожлантиришга қаратилган қисмида қатор етакчи япон компаниялари билан музокаралар ўтказилди. Хусусан, “INPEX Japan” компанияси билан учрашув бўлиб ўтди. Ушбу компания Япониянинг йирик нефт-газ компанияларидан бири бўлиб, нефт-газ маҳсулотларини қазиб олиш ва қидирув фаолияти билан шуғулланади. Компания жаҳоннинг 20 дан ортиқ мамлакатида фаолият кўрсатади.

Учрашув давомида элчи томонидан Ўзбекистондаги инвестиция имкониятлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот берилди.

Дипломатлар “Agronavt” компанияси вакиллари билан ҳам учрашди. Мазкур компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи, асосан, Россия бозорига маҳсулот етказиб бериш соҳасида фаолият олиб борувчи компания ҳисобланади.

Мулоқот давомида Ўзбекистондаги инвестиция имкониятлари, Японияга импорт учун маҳсулотлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, хорижий компания йирик Япония импортёрлари учун Ўзбекистон бозори мавзусида тақдимот ўтказишда амалий ёрдам беришини маълум қилди ва мазкур компанияларни Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

“Jex Co Ltd” компанияси билан ўтказилган учрашувда болалар гигиена маҳсулотларини ишлаб чиқариш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, “Sansei Co Ltd” компанияси билан музокара ўтказилди. Компанияси президенти Наоки Сато билан учрашувда мева-сабзавот маҳсулотларини савдоси ва дистрибуцияси билан шуғулланувчи Япониянинг энг йирик гипермаркет савдо тармоғи “AEON” дўконларига маҳсулотлар етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларда “Sansei Co Ltd” компанияси Ўзбекистондан мағиз, бодом, узум, қовун ва лимон маҳсулотларини импорт қилиш бўйича амалий ҳамкорликни бошлашни режалаштираётганини маълум қилди.

Ўтказилган учрашув ва музокаралар натижасида қатор компаниялар билан инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Япония бозорига экспорт қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Мазкур ташриф икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва уни амалий босқичга олиб чиқиш учун муҳим замин яратди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш