Logo

Сирдарё ва Хитойнинг Тяньцзинь шаҳри ўртасида янги инвестицион лойиҳалар амалга оширилади

Апрель 02, 2026. 17:49 • 2 дақ

81
Сирдарё ва Хитойнинг Тяньцзинь шаҳри ўртасида янги инвестицион лойиҳалар амалга оширилади

ТЯНЬЦЗИНЬ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи доирасида Тяньцзинь шаҳрида йирик бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда Тяньцзинь шаҳри маъмурияти, савдо-саноат палаталари ва етакчи компаниялар вакиллари ҳамда сирдарёлик тадбиркорлар иштирок этди.

Форум давомида Сирдарё вилоятининг инвестициявий муҳити, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва эркин иқтисодий зоналарда сармоядорлар учун яратилган имтиёзлар бўйича кенг қамровли тақдимотлар ўтказилди.

Таъкидланганидек, Сирдарё вилоятининг Хитой тажрибасига асосланган инновацион ҳудуд сифатида белгилангани хитойлик инвесторлар учун янги уфқларни очиб бермоқда.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар чоғида хитойлик ишбилармонлар Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва экспорт ҳажмини оширишда фаол ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. G2B ва B2B форматидаги учрашувлар якунида қатор манфаатли келишувларга эришилди.

Хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Сирдарё вилоятига Хитой ишбилармон доираларининг бизнес-миссияларини мунтазам ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу каби ташаббуслар ҳудудда янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Сирдарё делегациясининг Хитойга хизмат сафари давом этмоқда, навбатдаги музокаралар йирик ишлаб чиқариш мажмуалари ва технопаркларда ўтказилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш