“Tatar-inform”АА: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортадиган ноёб маконга айланмоқда
Март 15, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 98
ҚОЗОН, 15 март. /“Дунё” АА/. Татаристондаги “Tatmedia” медиа-холдинги таркибига кирувчи “Tatar-inform” ААда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бу улкан мажмуа Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган. Лойиҳанинг асосий мақсади замонавий музей экспозицияси, тадқиқот инфратузилмаси, кутубхона ва рақамли технологиялар орқали ислом цивилизациясининг бой меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштиришдан иборат.
Марказ директорининг сўзларига кўра, мажмуа жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортадиган ноёб маконга айланди. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари марказга ташриф буюриб, экспозициялар, илмий лойиҳалар ва маданий дастурлар билан танишмоқда, унинг глобал гуманитар мулоқот учун аҳамиятини қайд этмоқда.
Муҳташам мажмуа билим алмашиш ва цивилизациялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун платформа вазифасини бажармоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу ташаббусни юқори баҳолаб, унинг маърифат, ўзаро ҳурмат ва цивилизациялар мулоқоти ғояларини илгари суришдаги аҳамиятини алоҳида эътироф этган.
Лойиҳа халқаро етакчилар томонидан ҳам ижобий баҳоланди. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мажмуани улкан илмий ва маданий объект деб атаган. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эса марказнинг бағрикенглик ва дўстликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирган. Шунингдек, Парагвай етакчиси Сантьяго Пеня, Финляндия давлат раҳбари Александр Стубб, Сербия президенти Александр Вучич ҳам ушбу марказнинг ўзига хослиги ҳақида гапирган.
Нашрда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аллақачон олимлар, маданият арбоблари ва халқаро етакчилар учун муҳим жозибадор нуқтага айлангани алоҳида қайд этилган.
Мазкур марказ қадимий меросни асраб-авайлаш ва илм-фанни ривожлантириш биргаликда олиб борилиши мумкинлигини кўрсатиб, халқлар ўртасида мулоқот, ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик учун махсус платформа сифатида кўрилмоқда. Ушбу мега лойиҳа нафақат музей ёки тадқиқот мажмуаси, балки замонавий дунёга таъсир кўрсатишга қодир бўлган тарих, маданият ва гуманитар дипломатияга янгича ёндашув рамзидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси