Хорижий дипломатлар Андижон вилоятининг иқтисодий имкониятлари билан танишди
Апрель 08, 2026. 16:24 • 2 дақ
• 141
АНДИЖОН, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Андижон вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларининг Андижон вилоятига ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нуфузли делегация таркибига Қирғизистон, Туркманистон, Жанубий Корея, Фаластин, Миср, Уммон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, Руминия, Туркия, Швейцария, Чехия, Латвия, Польша ва Мўғулистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, Болгария, Озарбайжон, Тожикистон, Малайзия, Индонезия, БАА, Покистон, Венгрия, Греция ва Исроил элчилари ўринбосарлари, Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш халқаро институти ва Осиё тараққиёт банки вакиллари кирди.
Ташриф дастуридан Андижон мебель маркази, Олтинкўл туманидаги чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун эркин иқтисодий зона, “Diromm Jeans” ва “Dinar Group” тўқимачилик корхоналари фаолияти ҳамда янги Бобур шаҳарчаси лойиҳаси билан танишиш ўрин олди.
“Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва тадбиркорлар иштирокида вилоятнинг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир давомида тўқимачилик, мебелсозлик, чарм-пойабзал, автомобилсозлик саноати, туризм соҳаси асосий ўсиш драйверлари бўлган минтақанинг инвестициявий ва иқтисодий жозибадорлиги тақдим этилди.
Жонли ва интерактив суҳбат бўлиб ўтди. Унда дипломатлар вилоят ҳокимияти вакиллари билан фикр алмашди, жорий инвестиция лойиҳалари, ҳамкорлик истиқболлари, Андижон вилоятининг экспорти ва туризм салоҳиятини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Муҳокама хорижий ҳамкорлар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш имконини берди. Бу эса минтақанинг иқтисодий имкониятларини тушунишни мустаҳкамлади.
Меҳмонлар, шунингдек, Марказий деҳқон бозори, Регистон майдони ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий боғда бўлиб, Андижон вилоятининг тарихи ва маданий мероси билан яқиндан танишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси