Ироқ бизнес-делегацияси Тошкентга ташриф буюрмоқда
Январ 13, 2026. 19:07 • 43 сония
• 202ТОШКЕНТ, 14 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонга ташриф буюрган Ироқ бизнес-делегацияси Тошкентдаги “Akfa”, “Krember”, “Tashkent Pharma Park”, “Texnopark”, “ARKA” корхоналари ҳамда “Ўзавтомоторс” ҳузуридаги Маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш маркази фаолияти билан танишди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ироқлик йирик тадбиркорлар озиқ-овқат саноати, автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар, электротехника, мебель маҳсулотлари, қурилиш материаллари кўргазмаларида бўлиб, ушбу соҳалар бўйича ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганди.
Ироқлик ишбилармонлар Ўзбекистондаги Фармацевтика кластери фаолияти билан таништирилди.
Ўзбекистон ва Ироқ тадбиркорлари ўртасида B2B шаклида учрашувлар ўтказилиб, турли йўналишлардаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
Маданий дастур доирасида Ироқлик тадбиркорларга Ўзбекистоннинг гастрономик туризми имкониятлари жойларга борган ҳолда намойиш этилди. Ироқлик тадбиркор аёллар жамоаси Мадина Касимбаеванинг арт галереяси билан танишди.
Мазкур ташриф ўзбек ва ироқ тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни муҳокама қилиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

