Logo

Ўзбекистон элчиси Ғарбий Бенгалия ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Март 11, 2026. 12:41 • 3 дақ

103
Ўзбекистон элчиси Ғарбий Бенгалия ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

КОЛКАТА, 11 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Колката шаҳрида Ғарбий Бенгалия штатида фаолият юритадиган Ҳиндистоннинг етакчи компания ва ташкилотлар вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти тақдимотига, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини муҳокама қилишга қаратилди.

Элчи Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги янгиланиш жараёни ҳамда мамлакатимизнинг ташқи алоқалари изчил кенгайиб бораётганига батафсил тўхталиб ўтди. Хорижий компаниялар ва инвесторлар учун яратилган қулай ва жозибадор шароитларга алоҳида урғу берилди.

Сўнгги йилларда барқарор ижобий динамикани намойиш этаётган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларда савдо-иқтисодий шериклик устувор йўналиш экани қайд этилди. 2025 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,3 миллиард доллардан ошгани бунинг тасдиғи бўлди. Бу икки давлат раҳбарлари - Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди томонидан белгилаб берилган стратегик вазифанинг амалий ижросидан далолат беради.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун тўқимачилик саноати, энергетика, кон-металлургия ва кимё тармоқлари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва рақамли технологияларни ўз ичига олган кенг кўламли истиқболли йўналишларни муҳокама қилди.

Читайте также

Ҳиндистонлик шериклар учун инвестиция имкониятлари тақдимоти ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарида тақдим этилаётган шароитлар, амалдаги солиқ имтиёзлари ва преференциялар, шунингдек, сармоядорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар атрофлича ёритилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига ҳам тўсиқсиз чиқиш имкониятига эга эканлиги таъкидланди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг GSP+ дастури бенефициари мақоми Ўзбекистонда маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқариш корхоналари учун Европа бозорларига чиқишда кенг имкониятлар очади.

Туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Яқин истиқболда сайёҳлар оқимини 20 миллион кишига етказишни мақсад қилган Ўзбекистон Ҳиндистонни саёҳатчиларни жалб қилиш бўйича асосий йўналишлардан бири сифатида кўрмоқда. Ҳиндистонлик туристлар учун оилавий, MICE ва тўй туризми устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.

Элчихона томонидан тақдим этилган тақдимот материаллари ва маълумотлар учрашув иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Интерактив «савол-жавоб» сессияси Ҳиндистон бизнеси вакилларига Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини юритишнинг амалий жиҳатлари бўйича батафсил тушунчалар олиш имконини берди.

Учрашув якунида Ҳиндистон компаниялари жорий йил 16-19 июнь кунлари бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш