Logo

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари муқаддас Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан бир-бирини табрикладилар

Март 20, 2026. 22:05 • 2 дақ

99
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари муқаддас Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан бир-бирини табрикладилар

ТОШКЕНТ, 20 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида етакчилар бир-бирларини муборак Рамазон ҳайити ва баҳорий Наврўз айёми муносабати билан дилдан қутлаб, икки мамлакатнинг қардош халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тиладилар.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам самимий табрикларини йўллади.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Барча даражаларда самарали мулоқотлар давом этмоқда. Товар айирбошлаш ҳажмининг барқарор ўсиши, шу жумладан тайёр маҳсулотларни етказиб бериш орқали таъминланмоқда. Яқинда ишга туширилган “Шовот-Тошҳовуз” савдо зонасининг самарали фаолияти ҳам ўзаро савдонинг ошишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Юк ташишлар ҳажми, шу жумладан Туркманбоши порти орқали изчил ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, сув хўжалиги ва транспортда кооперация кенгайиб бормоқда, Парламентлараро, ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли вазиятни сиёсий-дипломатик чоралар билан ҳал этиш экани таъкидланди.

Жорий йилда кўзда тутилган кўп ва икки томонлама тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш