Тилшунос олимлар ўзбек ва ҳиндий тилларида 5 мингдан ортиқ умумий сўзлар мавжудлигини қайд этмоқда
Январ 12, 2026. 15:15 • 2 дақ
• 191ДЕҲЛИ, 12 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Бутунжаҳон ҳиндий тили кунига бағишланган тадбирда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Байрам доирасида Ҳиндистон жамоатчилиги ва дипломатик корпус вакилларига икки халқ ўртасидаги кўп асрлик маданий-гуманитар алоқалар, шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга оширишнинг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев ўзбекистонликлар учун ҳиндий тили оҳанглари қадрдон эканини, минтақалар ўртасидаги тарихий ва маданий ришталар тилларнинг узвий қатламларига қадар сингиб кетганини алоҳида таъкидлади.
Тилшунос олимлар ўзбек ва ҳиндий тилларида 5 мингдан ортиқ умумий сўзлар мавжудлигини эътироф этиши қайд этилди.
Бугунги кунда Тошкент дунёдаги етакчи ҳиндшунослик марказларидан бири ҳисобланади. Тошкент давлат шарқшунослик университетида 1947 йилда асос солинган ҳинд филологияси кафедраси минглаб мутахассисларни тарбиялаб чиқарган.
Ўзбекистоннинг қатор ихтисослаштирилган ўрта мактабларида ўқувчилар ёшлигиданоқ ҳиндий тилини ўрганмоқда. Ҳар йили ўнлаб ўзбек талабалари тилни чуқур ўрганиш учун Ҳиндистон олий ўқув юртларига келади, ўқитувчи ва тадқиқотчилар эса Деҳлидаги Жавоҳарлаъл Неру университети, Аградаги Марказий ҳиндий тили институти ва бошқа етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги алмашинув дастурларида иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида, шунингдек, мамлакатимизнинг яқин истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи асосий ҳужжат – «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг ижроси ҳақида сўзлаб берилди. Стратегиянинг глобал чақириқларга мослашувини акс эттирувчи 2026 йилга мўлжалланган янгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Рақамли трансформация, давлат бошқаруви тизими ва миллий иқтисодиётга сунъий интеллектни интеграция қилиш масалаларига катта аҳамият берилаётгани урғуланди.
Изчил ислоҳотлар доирасида чет эллик инвесторлар учун кафолатларни мустаҳкамлаш ва глобал капитални жалб қилиш учун хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ижтимоий адолатни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш учун манзилли ижтимоий ёрдам механизмларини жорий этиш каби муҳим вазифалар ҳал этилмоқда.
Тадбир иштирокчиларининг диққати «Ўзбекистон – 2030» стратегияси инсон манфаатларига йўналтирилган давлат барпо этишга хизмат қилишига қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

