Куала-Лумпурдаги бизнес-форумда Сирдарё вилоятининг инвестициявий салоҳияти намойиш этилди
Февраль 01, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 153КУАЛА-ЛУМПУР, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Малайзия пойтахтида “Сирдарёда бизнес қилинг” мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев, Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) раиси ўринбосари Жай Шанкар иштирок этди.
Форум 200 дан ортиқ иштирокчини, жумладан, Малайзия томонининг 150 дан ортиқ вакилини бирлаштирди. Улар орасидан Ўзбекистон-Малайзия бизнес альянси, Малайзия ўрта даражадаги компаниялар консорциуми (MCMTC), “Malaysia Tourism Agency”, SMITA Global Malaysia, Малайзия Ислом савдо палаталари каби уюшмалар раислари ҳамда “Spora Global”, “BasisBay”, “JAKEL Holding”, “MIMOS Berhad”, “Malaysian Vaccines & Pharmaceuticals”, “Sparco Engineering”, “Marrybrown”, “Tesomac”, “Five Petroleum Malaysia” сингари йирик компаниялар раҳбарлари ўрин олди.
Бундан ташқари, мазкур анжуманда Малайзиянинг “Spora Global”, “BasisBay”, “JAKEL Holding”, “MIMOS Berhad”, “Malaysian Vaccines and Pharmaceuticals”, “Sparco Engineering”, “Marrybrown”, “Tesomac” ва “Five Petroleum Malaysia” каби етакчи компаниялари вакиллари ҳамда Сирдарё вилояти тадбиркорлари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан Жай Шанкар ўз нутқида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган иқтисодиётлардан бири сифатида эътироф этди. У Сирдарё вилоятининг қулай географик жойлашуви уни Малайзия компаниялари учун минтақавий хабга айлантириши мумкинлигини қайд этиб, ҳудуд нафақат савдо, балки қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини очиш учун қулай шароит ва имтиёзлар беришига ишонч билдирди.
Тадбирнинг амалий қисми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида “B2B” форматидаги қизғин музокараларни ўз ичига олди.
Форум давомида Малайзия ва вилоят компаниялари ўртасида бир қатор келишувлар имзоланди.
Куала-Лумпурда ўтказилган ушбу форум малайзиялик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди ва ижобий таассурот қолдирди. Иштирокчилар форум нафақат шартномалар имзолаш майдонига айлангани, балки икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани, Сирдарё вилояти Марказий Осиё бозорига чиқиш учун муҳим “дарвоза” сифатида эътироф этилганини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






