Logo

Германиянинг нуфузли кўргазмасида “Made in Uzbekistan” бренди намойиш этилди

Январ 15, 2026. 08:15 • 2 дақ

91
Германиянинг нуфузли кўргазмасида “Made in Uzbekistan” бренди намойиш этилди
Германиянинг нуфузли кўргазмасида “Made in Uzbekistan” бренди намойиш этилди
Германиянинг нуфузли кўргазмасида “Made in Uzbekistan” бренди намойиш этилди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 15 январь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида тўқимачилик саноатидаги йирик тадбир – “Heimtextil – 2026” кўргазмаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Кўргазма ҳар йили Франкфурт-Майн шаҳрида ўтказилади ва бутун дунёдан 60 мингдан ортиқ киши иштирок этади.

Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистоннинг Франкфурт ва Берлиндаги дипломатик ваколатхоналари, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, халқаро сертификатларга эга 12 та маҳаллий корхона вакилларидан иборат делегация “Made in Uzbekistan” бренди остида кўргазмада қатнашмоқда.

Кўргазмада Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг етакчи компаниялари томонидан намойиш қилинган ўзбек миллий маҳсулотлари стенди хорижий ҳамкорларда катта таассурот қолдирди.

Иштирокчилар Ўзбекистон тўқимачилик саноати салоҳияти ва истиқболли режалари тўғрисидаги тақдимот билан танишди. Кўргазма давомида маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини Германияга экспорт қилиш ҳамда ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

Хорижлик ишбилармонлар ўзбек трикотажининг нархи ва сифатини юқори баҳолаб, узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

“Made in Uzbekistan” бренди остидаги тўқимачилик маҳсулотлари кўпчилик қатори менда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон жаҳон тўқимачилик саноатида алоҳида ўрин тутишини намойиш қилган маҳсулотлари сифатидан ҳам билиш мумкин. Ўзбекистон тарихий маданиятга бой мамлакат. Шу боис юртингизда 2 марта бўлганман ва ҳар сафар борганимда бир олам таассурот билан қайтганман”, дейди “MÜSIAD Hessen e.V.” тадбиркорлар уюшмаси раиси ўринбосари, Германиянинг “StarkLegal” компанияси директори Ильяс Гюжлю.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш