Logo

Масато Канда: Осиёнинг тараққиёти интеграция, қатъият ва жамоавий ҳаракатларни талаб қилади

Май 04, 2026. 15:25 • 3 дақ

412
Масато Канда: Осиёнинг тараққиёти интеграция, қатъият ва жамоавий ҳаракатларни талаб қилади

САМАРҚАНД, 4 май /“Дунё” АА/. Айни пайт Самарқандда давом этаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиғилиши очилиш маросимида ушбу нуфузли халқаро молиявий тузилма раҳбари Масато Канда ҳам нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири воқеа жойидан.

ОТБ президентининг таъкидлашича, ўсиб бораётган глобал муаммолар шароитида Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатлари интеграция ва жамоавий саъй-ҳаракатларга таяниб, янада қатъийроқ ҳаракат қилиши керак. Замонавий дунё геосиёсий парчаланиш, иқтисодий қийинчиликлар ва экологик хавфларнинг кучайиши билан бирга чуқур ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда.

Дунё ҳамжамиятида давом этаётган нотинчлик, хусусан, Яқин Шарқдаги можаролар ҳам иқтисодиётнинг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бу айниқса, узоқ таъминот занжирларига боғлиқ бўлган минтақа мамлакатлари учун жуда муҳимдир.

Осиё тараққиёт банки раҳбари тарқоқ миллий ечимларга асосланган аввалги ёндашувлар энди замонавий инқирозлар кўламига мос келмаслигини таъкидлади. Шу муносабат билан барқарор ва ўзаро боғлиқ ривожланиш тизимларини шакллантириш устувор вазифага айланмоқда.

Қайд этилишича, банк минтақани қўллаб-қувватлашни кучайтирмоқда. 2025 йилда молиялаштириш ҳажми рекорд даражада 44 миллиард АҚШ долларига етди, шундан 29 миллиард доллардан ортиғи ўз маблағларини ташкил этди. Ҳамкорлик механизмлари орқали қўшимча 15 миллиард долларга яқин маблағ жалб қилинди.

Қарийб 60 йил ичида банк уставига киритилган биринчи ўзгартириш муҳим қадам бўлди. Бу эса қўшимча капитал жалб қилмасдан молиялаштириш ҳажмини 50 фоизга ошириш имконини берди. Айниқса инқирозли вазиятларда лойиҳаларни амалга оширишни соддалаштирувчи ва ресурсларни тақсимлашни тезлаштирувчи механизмлар жорий этилмоқда.

Узоқ муддатли ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Трансчегаравий энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 50 миллиард долларлик “Pan-Asia Power Grid” лойиҳаси шулар жумласидандир. 2035 йилга бориб, 20 гигаватт қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилиш ва 200 миллион аҳолини электр энергияси билан таъминлаш кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, бюджети 20 миллиард доллар бўлган “Осиё–Тинч океани рақамли магистрали” дастури амалга оширилмоқда. Унда 650 миллион аҳолининг интернетга киришини кенгайтириш, аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш кўзда тутилган.

Таъкидланишича, иқтисодий ўсишни таъминлашда иш ўринларининг 90 фоиздан ортиғини ташкил этувчи хусусий сектор асосий роль ўйнаши керак. Шу боис, хусусий секторни ҳар йили молиялаштиришни 2030 йилга бориб 13 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Устувор йўналишлар қаторида экология масалалари ҳам қайд этилган. Банк иқлим ўзгаришига қарши курашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтирмоқда.

Банк президенти мисол тариқасида сув ресурсларини самарали бошқариш орқали қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва фермерлар даромадини сезиларли даражада оширишга эришган Индонезия тажрибасини келтирди.

Масато Канда қайд этганидек, бугунги кунда минтақа Самарқанд Буюк ипак йўлининг энг муҳим тугуни бўлган давр билан таққосланадиган стратегик танлов олдида турибди. Унинг фикрича, яккаланиш ривожланиш варианти эмас, барқарор келажак фақат ҳамкорлик ва интеграция асосида бўлиши мумкин.

“Келажак қатъиятни талаб қилади. Ва бизда уни шакллантириш учун зарур бўлган ҳамма нарса бор”, – дея фикр юритган ОТБ президенти.

ОТБ сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш