Ўзбекистон–Туркия ишбилармонлар форуми тоғ-кон саноатида ҳамкорлик платформасига айланди
Май 06, 2026. 19:46 • 3 дақ
• 135ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда ўтказилган Ўзбекистон–Туркия ишбилармонлар форумида қатнашган хорижлик экспертлар “Дунё” АА мухбирига икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичи, инвестиция лойиҳаларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр билдирди:
Иброҳим Ҳалил Киршан, TOBB Туркия Кончилик кенгаши раиси:
Ўзбекистонда бўлиб турганимдан жуда мамнунман. Икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида форумга Туркиянинг 40 га яқин етакчи компаниялари вакиллари таклиф этилган. B2B форматда ўтказилган учрашувлар давомида ишбилармонлар ўртасида самарали мулоқотлар бўлиб ўтган.
Ишончим комилки, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик, айниқса тоғ-кон соҳасидаги инвестициявий алоқалар стратегик аҳамиятга эга. Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистон “Ўрта коридор” тизимида муҳим ўрин тутади ва бу тоғ-кон саноатидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.
Туркияда мавжуд 90 турдаги фойдали қазилманинг 70 таси қазиб олинади. Мамлакатнинг йиллик экспорт ҳажми 6 миллиард доллар, умумий ишлаб чиқариш эса 40–50 миллиард доллар атрофида.
Ўзбекистон эса олтин, молибден, вольфрам ва уран каби қимматли фойдали қазилмалар захираларига бой давлат ҳисобланади. Шу боис, икки мамлакат салоҳиятини бирлаштириш савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Адем Арижи, “OSTİM саноат зонаси” ҳудудий бошқарувчиси:
– “OSTİM” уюшган саноат ҳудуди ўзининг ноёб тузилмаси билан Туркияда ўхшаши йўқ ташкилот ҳисобланади. Бизнинг бошқарувимиз остида саноат корхоналари, технология марказлари, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда хусусий университет фаолият юритади. Бу яхлит экотизим инсон ресурсларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон билан тарихий ва маданий алоқаларимиз муштарак. Шу боис мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилиш биз учун устувор аҳамиятга эга. Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда “OSTİM” учун 100 гектар ер майдони ажратилди.
Ташкилотимизнинг 60 йиллик тажрибасига таяниб, ушбу ҳудудда таълим, саноат ва замонавий инфратузилмани қамраб олган тўлиқ экотизимни барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Ҳозирда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Бугунги форум эса ана шундай стратегик ташаббусларни амалга ошириш ва янги келишувларга эришишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Абдулла Буҳур, “ArgeTest” лабораториялари бош директори ўринбосари:
– Биз ҳозирда Ўзбекистон технологик металлар комбинати билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқдамиз. Лабораториямизнинг асосий фаолияти геокимёвий таҳлиллар ҳамда маъданларни бойитиш синовларига йўналтирилган бўлиб, бу борада биз бой тажрибага эгамиз.
Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатидаги улкан хомашё захиралари ва иқтисодий салоҳиятини инобатга олган ҳолда, биз ўз инновацион таҳлил услубларимизни маҳаллий ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этмоқдамиз. Режаларимизга мувофиқ, 2025 йил бошидан маҳаллий мутахассислар билан амалий ишлар бошлаб юборилган. Ҳозирда 32 нафар малакали ходимдан иборат гуруҳ фаолият юритмоқда.
Мамлакатингизда амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳалар янги технологияларни жалб этиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Бугунги форум доирасидаги музокаралар ҳам айнан ана шу стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






