Logo

Хакасия билан минтақалараро ҳамкорлик кенгайтирилади

Декабрь 25, 2025. 19:11 • 2 дақ

282
Хакасия билан минтақалараро ҳамкорлик кенгайтирилади

АБАКАН, 6 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Хакасия Республикаси пойтахтида Хакасия иқтисодий ривожланиш вазири Роман Ковтун билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Хакасия туризм ахборот маркази, Абакан аэропорти раҳбарияти, Транспорт ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари вакиллари иштирок этди.

Музокараларда томонлар қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, туризм ва маданият соҳаларида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон бош консули Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмининг ўсиши ва Хакасиядан мамлакатимизга қорамол етказиб беришни йўлга қўйиш бўйича тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда Хакасияда 182 минг бошга яқин қорамол, 435 минг бошга яқин от мавжуд бўлиб, наслчилик масаласи билан муниципал аҳамиятга эга 8 та ташкилот шуғулланади. Шу билан бирга, Хакасия яйловларида 6 ойликкача бўлган бузоқларни бўрдоқига боқиш муҳимлигига ҳам урғу берилди.

Ҳудудлараро даражада, хусусан, Фарғона вилояти билан янада фаол ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, асосий эътибор 2026 йил февраль­­-март ойларида Хакасиядан Фарғона вилоятига бизнес миссиясини ташкил этиш масаласига қаратилди. Хакасия вакилларининг Ўзбекистон кўмагида минтақа ҳудудида ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг чуқур тажрибаси ва маҳоратини ҳисобга олган ҳолда йил давомида сабзавот етиштириш учун замонавий иссиқхоналар яратишга қизиқиши юқори экани таъкидланди.

Айни пайтда Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Хакасия ҳукумати томонидан турли соҳаларда қўшма ҳаракатлар бўйича “Йўл харитаси”ни имзолашга тайёргарлик кўрилмоқда.

Туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим масалалардан бири бўлди. Ўзбекистон томони 2026 йил июнь ойида Хакасияда “Ватандошлар” жамоат фонди ва Россиянинг ушбу минтақасида яшовчи ватандошларимиз иштирокида Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик салоҳияти бўйича кенг тақдимот ўтказиш, Хакасиянинг етакчи туроператорлари томонидан Ўзбекистонга тарихда биринчи таништирув инфотурини ташкил этишни таклиф қилди.

Аниқ келишувларга эришиш мақсадида 2026 йил февраль ойида томонлар Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Хакасия туризм ахборот маркази вакиллари ҳамда мамлакатимиз ва Россия минтақасининг етакчи сайёҳлик фирмалари вакиллари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказишга келишиб олди.

Россия томони Тошкент–Абакан йўналиши бўйича тўғридан-тўғри чартер рейсини очишга катта қизиқиш билдирди. Унинг фикрича, бу Ўзбекистон ва Хакасия ўртасидаги маданий ва сайёҳлик ҳамкорлиги кўламини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш