Logo

“Novastan”: 1966 йилги Тошкент зилзиласи шаҳар ривожида бурилиш нуқтаси бўлган

Май 02, 2026. 15:30 • 3 дақ

378
“Novastan”: 1966 йилги Тошкент зилзиласи шаҳар ривожида бурилиш нуқтаси бўлган

БЕРЛИН, 2 май. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё ҳақида немис, инглиз ва француз тилларида ёзадиган нуфузли “Novastan” онлайн-журналида 1966 йилги Тошкент зилзиласи ва шаҳарнинг қай тарзда тиклангани хусусида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи Бодо Тёнснинг ёзишича, 1966 йил 26 апрель куни соат 05:23да Тошкент шаҳри кучли зилзила натижасида қаттиқ ларзага келган. Ушбу зилзила катта вайронгарчиликка сабаб бўлган бўлса-да, кейинги қайта қурилиш ишлари шаҳарнинг замонавий қиёфасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этган.

1966 йилги Тошкент зилзиласининг магнитудаси тахминан 5,2 бўлганига қарамай, эпицентрнинг шаҳар маркази ва ер юзасига яқин жойлашгани боис катта вайронгарчиликка сабаб бўлган. 10–11 сония давом этган биринчи зарба минглаб биноларга жиддий зарар етказган, кейинги афтершоклар эса аҳоли орасида хавотирни кучайтирган.

Расмий маълумотларга кўра, 28 мингга яқин бино вайрон бўлган ёки шикастланган, ўнлаб инсон ҳалок бўлган, 150 нафарга яқин киши жароҳат олган. Офатдан сўнг минглаб одамлар уйсиз қолган, шаҳар бўйлаб чодир шаҳарчалари ташкил этилиб, аҳоли озиқ-овқат ва тиббий ёрдам билан таъминланган. Тошкентнинг стратегик аҳамияти сабабли марказий ҳокимият қисқа муддатда шаҳарни қайта тиклаш дастурини ишлаб чиққан.

Тошкентни нафақат тиклаш, балки уни замонавий, режали, барқарор ва зилзилага чидамли шаҳар сифатида қайта қуришдан иборат бўлган. Шу мақсадда бутун иттифоқдан ўн минглаб муҳандис, меъмор ва қурувчилар жалб этилиб, кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилган.

Журналда қайд этилишича, 1967 йилга келиб янги бош режа тасдиқланган ва кейинги тўрт йил ичида миллионлаб квадрат метр янги уй-жой ва ижтимоий объектлар барпо этилган. Кенг кўчалар, замонавий турар-жой массивлари, мактаблар, шифохоналар ва маданий муассасалар қурилган. Шу тариқа бугунги шаҳар қиёфасини белгилаб берган инфратузилма ва меъморий асослар шаклланиб, шаҳар бутунлай янги қиёфага кирган.

Шунингдек ўқинг

1976 йилда, зилзиланинг ўн йиллиги муносабати билан, эпицентр жойида “Жасорат” ёдгорлиги ўрнатилгани ва унда оила тимсоли орқали инсоннинг матонати табиат кучлари олдидаги бардоши ва иродаси акс эттирилган. Ёдгорликда зилзиланинг аниқ санаси ва вақти ҳам кўрсатилган бўлиб, у фақат фожиани эмас, балки халқнинг жасорати ва тикланиш руҳини ифодаланган.

Бугунги кунда Тошкент Марказий Осиёдаги энг йирик ва замонавий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Аҳолиси бир неча миллионга етган бу шаҳарнинг инфратузилмаси, кўча тармоқлари ва кўплаб турар-жой массивлари айнан 1966 йилдан кейинги қайта қурилиш натижасида шаклланган.

1966 йилги Тошкент зилзиласи халқ хотирасида оғир синов сифатида муҳрланган. Аммо бу воқеа бир вақтнинг ўзида матонат, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик рамзига ҳам айланган. “Биз ларзага келдик, аммо таслим бўлмадик” деган ибора бугун ҳам Тошкент тарихи ва унинг аҳолиси иродасини ифодалайди.

“Novastan” нашрида Тошкент зилзиласи фақат табиий офат сифатида эмас, балки шаҳарнинг кейинги меъморий ва ижтимоий тараққиётини белгилаган тарихий воқеа сифатида таҳлил қилинган. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш