Ўзбекистон Президентининг Японияга расмий ташриф якунланди
Декабрь 20, 2025. 17:59 • 2 дақ
• 200
ТОШКЕНТ, 20 декабрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифининг тадбирларга бой дастури якунига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Япония пойтахтида мамлакат Императори Нарухито, Бош вазири Санаэ Такаичи, Парламентнинг икки палатаси раҳбарлари, парламентдаги Ўзбекистон билан дўстлик лигаси фаоллари, ҳукумат аъзолари, Нара шаҳри мэри ҳамда етакчи олийгоҳлари ректорлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорлик ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Япониянинг йирик компаниялари, молия институтлари раҳбарлари билан бизнес форум ва икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.
Икки давлат етакчилари томонидан Ўзбекистон – Япония муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарувчи Келажак авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланиши ташрифнинг асосий натижаси бўлди.
Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, сув ресурслари, транспорт, шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги ва табиий офатлар хавфини камайтириш соҳаларида салмоқли келишувлар тўплами қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади, ушбу форматдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Саммит якунида Токио декларацияси қабул қилинди.
Ташриф доирасида Токиода санъат усталарининг концерти, “Янги Ўзбекистон” фотокўргазмаси ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмасини ўз ичига олган Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.
Япониядаги тадбирлар якунлангач, Ўзбекистон Президенти Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг бўлажак йиғилиши ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги етакчиларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Россияга жўнаб кетди.
"Ханэда” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Япония Парламенти депутати Мунео Сузуки, ташқи ишлар вазири ўринбосари Оцуру Тэцуя ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Токиода Ўзбекистон Президенти шарафига расмий қабул маросими бўлиб ўтди