Покистон компанияси Тошкент вилоятида терини чуқур қайта ишлаш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириши мумкин
Март 14, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 162
ЛАҲОР, 14 март. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги делегация Лаҳор шаҳрида Покистоннинг «Royal Leather Industries» компаниясида бўлиб, корхона раҳбари Малик Муҳаммад Азам билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистонда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт йўналишларини кенгайтириш, шунингдек техникалар трансферини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Зойир Мирзаев Покистон делегациясига чарм саноати ва чармни қайта ишлаш соҳасида эришилган натижалар, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма корхоналарни ташкил этиш орқали рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ишлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистонда 100 дан ортиқ чарм қайта ишлаш корхоналари фаолият юритиши ва уларнинг маҳсулотлари Марказий Осиё ва Россияга экспорт қилиниши таъкидланди.
Дипломатлар Тошкент вилоятида 35 гектар майдонда махсус чармни қайта ишлаш саноат зонаси ташкил этилганини маълум қилди. Бу ерда юқори технологик корхоналарни жойлаштириш мумкинлиги ва «Royal Leather Industries» компанияси ҳам ўз лойиҳаларини амалга ошириши мумкинлиги айтилди.
Компания раҳбари Малик Муҳаммад Азам ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгиланганини ва жорий март–апрель ойларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга делегация ташрифини режалаштираётганини билдирди.
«Ўзбекистонда қайта ишланмаётган тери миқдори катта. Ушбу хомашёни йиғиб, Тошкент вилоятида қайта ишлаш корхонаси ташкил этиш ишлари бошланган. Қайта ишланган маҳсулотларни Покистонга экспорт қилиб, у ерда тайёр маҳсулотларга айлантириб, кейинчалик бошқа мамлакатларга юбориш режалаштирилмоқда», - деди у.
Музокаралар якунида қайд этилганидек, «Royal Leather Industries» билан ҳамкорлик Ўзбекистон чарм саноатининг салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва тайёр маҳсулотлар экспорти ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси