Logo

Ўзбекистонда Польша тажрибаси асосида замонавий корхона қуриш масаласи муҳокама қилинди

Март 11, 2026. 12:48 • 2 дақ

90
Ўзбекистонда Польша тажрибаси асосида замонавий корхона қуриш масаласи муҳокама қилинди

ВАРШАВА, 11 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Польшанинг Подляск воеводалигида жойлашган Европанинг йирик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири – “Mlekovita” компаниясига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

1928 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Mlekovita” компанияси Польша ва Марказий-Шарқий Европадаги энг йирик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда компания Польшада сутчилик бозорининг етакчиларидан ҳамда тармоқдаги йирик экспортёрлардан биридир.

“Mlekovita” компанияси президенти Дариуш Сапиньский билан мулоқот давомида Ўзбекистон ҳудудида аввало йогурт, кейинги босқичда бошқа сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Шу билан бирга, юртимизда тегишли логистика маркази тақдим этилган тақдирда, ўзаро келишган ҳолда Польшада Ўзбекистон логистика маркази учун тегишли бино ажратиш бўйича фикр алмашилди.

Читайте также

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Польша бозорига олиб кириш ҳамда уларни компаниянинг мавжуд савдо тармоқлари орқали тарқатиш юзасидан турли таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Белосток шаҳридаги Олий иқтисодиёт мактаби (Wyższa Szkoła Ekonomiczna w Białymstoku) билан ҳамкорликда талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари ва “Mlekovita” компаниясида амалий стажировкаларни ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Суҳбатдошлар мавжуд эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондаги малакали мутахассислар, жумладан, ёш муҳандис ва технологларни саралаб олиш ҳамда уларни кейинчалик компанияда иш билан таъминлаш бўйича келишувга эришди.

Польшалик мутахассислар 2026 йил давомида ўзаро келишилган вақтда “Mlekovita” компанияси раҳбариятининг Ўзбекистонга бизнес-миссияни амалга оширишини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Samandar Xodjiyev

samandar@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш