Тошкент вилоятининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти Покистоннинг Лаҳор шаҳрида тақдим этилди
Март 12, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 97
ЛАҲОР, 12 март. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти делегациясининг Покистонга амалий ташрифи доирасида Лаҳор Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ҳамда хориж томони мутасаддилари иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистоннинг турли саноат соҳаларида фаолият юритувчи 120 дан ортиқ вакиллари ҳам қатнашди.
Бизнес-форумни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан очиб берди.
Дипломатик миссия раҳбари ўз сўзида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, солиқ ва божхона тизимини либераллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, у республиканинг илмий-интеллектуал, хомашё ва иқтисодий салоҳияти, кўп тармоқли саноат базаси ҳамда энергетика, нефть-кимё саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва банк-молия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд улкан имкониятлар ҳақида маълумот берди. Элчи, шунингдек, мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида яратилаётган шароитлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўз навбатида, Покистон ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистонда, хусусан Тошкент вилоятида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, хорижий инвесторлар учун яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш, икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.
Бизнес-форум давомида Тошкент вилоятида бизнес юритиш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма корхоналар ташкил этиш учун яратилган инвестициявий имкониятлар ва мавжуд имтиёзлар юзасидан махсус тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм, чарм саноати ва қурилиш соҳаларида амалга оширилиши таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳалари юзасидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.
Форум дастурига мувофиқ, Тошкент вилояти ва Панжоб вилояти ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида B2B форматида учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар якунлари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси