Logo

Ўзбекистон ва Жанубий Корея олий таълим муассасалари қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорлик қилади

Апрель 09, 2024. 17:07 • 59 сония

735
Ўзбекистон ва Жанубий Корея олий таълим муассасалари қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорлик қилади

СЕУЛ, 9 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Тошкент давлат аграр университети ва Чунгнам миллий университети ҳамда Сунчон миллий университети вакиллари ўртасида алоҳида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувлар давомида корейс томонига Ўзбекистон Президентининг "Аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Ушбу ҳужжатнинг тегишли бандида аграр соҳадаги олий таълим муассасалари талабаларини хорижий стажировкаларини ташкил этиш вазифалари белгилангани таъкидланди.

Шу муносабат билан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, жумладан Тошкент давлат аграр университети профессор-ўқитувчилари, илмий ходим ва талабаларини хорижий давлатларда стажировка ўташ ва малака ошириши юзасидан ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Томонлар мазкур олий таълим муассасалари ўртасида қишлоқ хўжалиги йўналишида, жумладан озиқ-овқат, мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва замонавий иссиқхоналарни қуриш бўйича қисқа муддатли ўқув дастурларни ташкил этиш ва ҳамкорликда конференциялар, илмий-амалий анжуманлар, мақолалар тўпламини чоп этиш бўйича фикр-алмашдилар.

Учрашув якунида Тошкент давлат аграр университети ва Сунчон миллий университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш