Ўзбекистон "яшил" технологиялар соҳасида халқаро илмий ҳамкорлик марказига айланмоқда
Май 03, 2025. 13:44 • 2 дақ
• 43
ТОШКЕНТ, май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти базасида "Янги материаллар ва қуёш технологиялари" мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.
Унда Европа, Россия, Хитой, Корея Республикаси, Япония, АҚШ, Туркия, Исроил, Польша, Қозоғистон, Арманистон, Германия ва бошқа давлатлардаги нуфузли илмий ва академик марказларни вакиллик қилувчи 17 дан ортиқ мамлакатдан таниқли олимлар ва экспертлар иштирок этди.
Ушбу форумнинг асосий мақсади илмий алмашинувни кучайтириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда истиқболли энергетик ечимлар ва янги материаллар соҳасида қўшма тадқиқотларни фаоллаштиришдир.
Форум кун тартибидан "ақлли" материаллар, нанотехнологиялар ва қуёш энергетикаси соҳасидаги энг янги илмий ютуқлар муҳокамаси ўрин олган. Айниқса, углерод изини камайтириш ва энергия тежамкор инфратузилмани шакллантиришга қаратилган "яшил" энергетика бўйича амалий ечимларга алоҳида эътибор қаратилди.
Конференцияда "Яшил технологиялар водийси" номли Халқаро илмий консорциум ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. У олимлар, илмий марказлар ва саноат шерикларини қайта тикланадиган энергия манбалари ҳамда юқори технологик материаллар бўйича ечимларни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш йўлида бирлаштиради.
Форумнинг муҳим воқеалардан яна бири ёш олимларнинг тадқиқот лойиҳаларини тақдимоти бўлди. Унда илмий-техникавий ёндашувлар асосида ишлаб чиқилган оригинал ғоялар ва истиқболли амалий ишланмалар намойиш этилди.
Мутахассислар фикрича, бу каби халқаро форумнинг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг очиқ илмий мулоқот майдончасига айланганини ҳамда экологик барқарор инновацияларни илгари суришга тайёрлигини яна бир бор исботламоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш ва илғор технологиялар соҳасида глобал муаммоларни ҳал этишга тобора ортиб бораётган ҳиссасини яққол намоён этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистонлик олима Бутунжаҳон фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди