Logo

Ўзбекистонлик олима Бутунжаҳон фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди

Ноябрь 26, 2024. 16:02 • 2 дақ

292
Ўзбекистонлик олима Бутунжаҳон фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди

ТОШКЕНТ, 26 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулова Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) аъзоси этиб сайланди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Олима бу йилги сайловларда МДҲ ва Марказий Осиёдан ягона вакил бўлди. Ўзбекистон тарихида бу нуфузли Академияга сайланган еттинчи академик олим сифатида эътироф этилди.

Бутунжаҳон фанлар академияси президенти, профессор Қуаррайша Абдул Карим Шаҳло Турдиқуловани табриклаб, уни диплом топшириш маросимига таклиф қилди.

Ўтган сайловда жами 74 нафар олимлар (50 нафар эркак ва 24 нафар аёл) сайланиб, TWAS академикларининг умумий сони 1444 нафарга етди. Академикликка диплом топшириш маросими 2025 йил бошида Италиянинг Триест шаҳридаги Академия бош қароргоҳида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Шаҳло Турдиқулова "COVID-19" га қарши Ўзбекистон-Хитой вакцинасининг ҳаммуаллифи, Ўзбекистонда нашрлар сони бўйича энг юқори импакт-факторга эга, шунингдек, "Nature" журналида мақолалари уч марта чоп этилган мамлакатимиздаги ягона олимадир. У 2024 йил апрель ойида Фанлар академиясининг вице-президенти этиб тайинланди ва ташкилотнинг 80 йиллик тарихида ушбу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди. Олима шунингдек, Илғор технологиялар маркази қошидаги инсон генетикаси ва биотехнологиялари илмий мактабининг асосчиси ва раҳбари ҳисобланади.

Шаҳло Турдиқулованинг Бутунжаҳон фанлар академиясига аъзо этиб сайлангани Ўзбекистон илмий салоҳиятини юксалтириш, жаҳон илм-фанига қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётганини намойиш этишда муҳим қадам бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш