Венгрия билан санъат соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантирилади
Февраль 26, 2026. 09:00 • 45 сония
• 143
БУДАПЕШТ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия театр ва кино санъати университети ректори, профессор Эникё Сепши билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида томонлар академик алмашинувни чуқурлаштириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ижодий ва илмий лойиҳаларни ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди. Ўзбекистонлик талабаларнинг грант ва стипендия дастурлари асосида Венгрия университети ўқув курсларида иштирок этиши, ўқитувчилар алмашинуви ҳамда қўшма докторантура лойиҳаларини ишга тушириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Профессор Эникё Сепши шу йилнинг март ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган III Ўзбекистон–Венгрия ректорлар форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашдан манфаатдор эканини билдирди.
Томонлар қўшма маданий ташаббуслар, ижодий маҳорат дарсларини ташкил этиш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан келгусидаги музокараларни ўтказиш масалаларини ҳам кўриб чиқди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
