Сабина Махл: Оролбўйи минтақасида Траст жамғармаси дастурларини амалга оширишнинг иккинчи босқичи бошланди
Февраль 25, 2026. 16:58 • 2 дақ
• 108
НУКУС, 25 февраль. /“Дунё” АА/. БМТнинг доимий координатори Сабине Махл Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасига уюштирилган сафар таассуротлари билан ўртоқлашди:
– Аввало, ташкилотчиларга – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик корпуснинг минтақага келишига кўмаклашган барча инсонларига самимий миннатдорлик билдираман.
БМТ учун Қорақалпоғистон алоҳида аҳамиятга эга. 2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан биргаликда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст жамғармаси (RLC Trust Fund) тузилди. Айни пайтда жамғарманинг минтақа аҳолисини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларини амалга оширишнинг иккинчи босқичи бошланди.
Жамғармаси фаолияти инсон хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кенг кўламли йўналишларни қамраб олади: соғлиқни сақлаш, таълим, касбий кўникмаларни ривожлантириш, экологик муаммоларни ҳал этиш. Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш, саксовул экиш, чанг-тўзонларни камайтириш, қум-туз бўронлари оқибатларига қарши курашиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бизнес вакиллари ва инвесторлар билан учрашувлар чоғида уларнинг жамғарма фаолиятидаги эҳтимолий иштирокини муҳокама қилиш имкониятига эга бўламиз, деб умид қиламиз. RLC Trust Fund нафақат БМТ тизимидаги агентликлар, балки халқаро нодавлат ташкилотлар, Қорақалпоғистон аҳолисининг ҳақиқий эҳтиёжларини яхшироқ тушунадиган маҳаллий ҳамжамиятлар учун ҳам очиқ.
Сўнгги олти йилда умумий қиймати қарийб 16,5 миллион АҚШ доллари бўлган тўққизта қўшма дастур амалга оширилди. Лойиҳалар турли соҳаларни қамраб олган. Хусусан, оналик ва перинатал соғлиқни сақлашни ривожлантириш қўллаб-қувватланди, янги туғилган чақалоқларни парвариш қилиш ташаббуслари амалга оширилди. Бир қатор дастурлар қишлоқ хўжалигида инновацион ечимларни жорий этишга, жумладан, минтақанинг шўрланган тупроқларида ўса оладиган экинларни излашга қаратилган. Алоҳида лойиҳалар мономарказлар тармоғини ривожлантириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди. Маҳаллий аҳолининг барқарорлиги ва даромадларини оширишга қаратилган қишлоқ хўжалиги ташаббуслари ҳам амалга оширилди.
Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси вилоят аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилди. Ҳозирги вақтда ҳаво сифатини мониторинг қилиш ва яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида атмосфера ҳавосининг ҳолатини кузатиш станциялари ўрнатилган. Кейинги босқич – ифлосланиш даражасини пасайтириш ва қуриган денгиз тубидан қум ва туз тарқалишининг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Эришилган натижалар асосида бу ишларни давом эттириш, муваффақиятли ташаббусларни кенгайтириш, аҳоли талабларига жавоб берадиган янги дастурларни ишга тушириш ниятидамиз. Хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, чекка аҳоли пунктларида янги қудуқлар қазиш ва минтақани барқарор ривожлантириш учун қўшимча инвестицияларни жалб қилиш устувор вазифалар қаторига киради.
Ишончим комилки, халқаро ҳамкорлар, давлат тузилмалари ва бизнеснинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва экологик тикланишига қўшимча туртки беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
