Logo

Туркиянинг “Genç Okur” журнали Бухоронинг бой тарихи ва ислом цивилизациясидаги ўрни ҳақида ёзди

Февраль 25, 2026. 16:52 • 2 дақ

55
Туркиянинг “Genç Okur” журнали Бухоронинг бой тарихи ва ислом цивилизациясидаги ўрни ҳақида ёзди

АНҚАРА, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Туркиянинг оммабоп “Ёш ўқувчи” (Genç Okur) журналида “Мусулмонлар учун энг қадрли етти шаҳардан бири — Бухорои Шариф” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи Бухорони инсонни лол қолдирувчи гўзалликларга эга, ҳар қадамида авлиёлар нафаси уфуриб турган ажиб бир макон сифатида таърифлайди. Нашрда шаҳарнинг 2500 йиллик археологик тарихига тўхталиб, ер қатламлари остидан топилган қадимги ҳарбий истеҳкомлар ва ноёб тангалар Бухоронинг Марказий Осиёдаги энг қадимий яшаш манзилларидан бири эканига далил сифатида келтирилган.

Муаллиф ХIХ асрда шаҳарда 103 та мадраса фаолият юритгани, бугунги кунда ҳам Мир Араб, Улуғбек ва Абдуллоҳхон мадрасалари минтақадаги энг нуфузли илм масканлари сифатида ўз обрўсини сақлаб келаётганини алоҳида қайд этган. Шунингдек, Бухоронинг санскритча «виҳара» (ибодатхона) сўзидан келиб чиққан номи ва унинг илк ислом давридаги аҳамияти ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

Мақолада Бухоро валийлар ва тасаввуф таълимотининг бешиги сифатида тавсифланади. Хусусан, Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк зотларнинг мақбаралари дунё мусулмонлари интиладиган муқаддас қадамжолар экани баён этилган.

Якунда нашр Бухорони шунчаки зиёратгоҳ эмас, балки инсон руҳияти ором оладиган, тарих ва маънавият уйғунлашган ноёб шаҳар сифатида эътироф этади. Қизилқум чўли бағрида жойлашган ушбу кўҳна кентнинг маданий қатламлари кучли муҳофаза этилгани ва замонавий қурилишлар эски шаҳар қисмига кириб келмагани япон ва турк сайёҳлари учун унинг жозибасини янада ошириши таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш