Logo

Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирларининг Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг 4-йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёноти

Январ 20, 2026. 17:22 • 3 дақ

307
Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирларининг Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг 4-йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёноти
“Дунё” олган сурат

ТОШКЕНТ, 20 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан раислигида бугун Анқара шаҳрида Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг 4-йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, учрашув давомида вазирлар умумий тарих, тил ва маданиятни қардошлик руҳидаги ҳамкорликнинг асоси сифатида қайд этиб, икки мамлакат ўртасидаги Кенг қамровли стратегик шериклик доирасида кўп қиррали ўзбек-турк ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш бўйича қатъийлигини тасдиқладилар.

Ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Ҳакан Фидан савдо ва инвестициялар, энергетика хавфсизлиги, минтақавий боғлиқлик, терроризм ва бошқа трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш, мудофаа саноати, маданият, атроф-муҳит, таълим ва туризм каби кенг йўналишларда Ўзбекистон–Туркия муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдилар.

Вазирлар 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таълим, фан ва маданият ташкилоти (ЮНEСКО) Бош конференцияси 43-сессияси доирасида 15 декабрь санасини Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни деб эълон қилиниши катта рамзий аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Ташқи ишлар вазирлари “4+4” механизми икки мамлакат ўртасидаги хавфсизлик, ҳарбий ҳамкорлик, разведка ва ташқи сиёсат соҳаларида ўзига хос ҳамкорлик платформаси эканини қайд этдилар. Анқарада Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган “4+4” механизми йиғилиши натижаларидан мамнун эканликларини билдирдилар ва учрашувда имзоланган янгиланган Ҳаракатлар режасини амалга оширишга алоҳида эътибор берилишини таъкидладилар.

Вазирлар Қўшма иқтисодий комиссиянинг 8-йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар режасининг ижросида эришилган ижобий силжишларни мамнуният билан қайд этиб, Комиссия йиғилишларини икки мамлакат ўртасидаги аниқ савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий механизми сифатида баҳоладилар.

Ташқи ишлар вазирлари Транскаспий Шарқ–Ғарб Ўрта йўлаги Марказий Осиёни Туркия орқали халқаро бозорларга боғловчи барқарор ва ишончли транспорт ҳамда энергетика йўналиши сифатидаги аҳамиятини таъкидлаб, Ўрта йўлак инфратузилмасида “Боку–Тбилиси–Карс” темирйўл линиясининг муҳим ролини қайд этдилар. Шу билан бирга, 2025 йил 29 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо/иқтисодиёт ҳамда транспорт/инфратузилма вазирларининг Иккинчи уч томонлама учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган Анқара декларациясининг ижросида эришилган ютуқларни мамнуният билан эътироф этдилар. Мазкур механизмнинг амалий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, вазирлар ушбу форматдаги уч томонлама ҳамкорликни давом эттиришга қатъий содиқликларини билдирдилар.

Турк дунёсини мустаҳкамлаш борасидаги қатъиятларини унинг энг муҳим ҳамкорлик майдони — Туркий давлатлар ташкилоти, шунингдек бошқа туркий ҳамкорлик тузилмалари орқали давом эттиришларини тасдиқладилар.

Туркий давлатлар ташкилоти ва туркий ҳамкорлик ташкилотлари доирасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни мамнуният билан қайд этиб, аъзо давлатлар ва кузатувчилар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, ҳуқуқий ҳамда гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашларини тасдиқладилар.

Туркий давлатлар ташкилотидан ташқари, вазирлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ), Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) каби халқаро ва минтақавий платформаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истагини тасдиқладилар.

Вазирлар имкон қадар турли халқаро лавозимларга номзодлар борасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш бўйича келишувга эришдилар.

Учрашувда Афғонистон, Ғазо, Украина ва Сурия каби минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашилди.

Вазирлар юқори даражадаги ташрифлар мунтазамлигидан мамнун эканликларини билдириб, бундай ташрифлар ҳамкорликни турли соҳаларда чуқурлаштиришини таъкидладилар ва ушбу ижобий динамикани сақлаб қолишга содиқликларини билдирдилар.

Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳи йиғилиши Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида Анқарада ўтказилиши режалаштирилаётган Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилишига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим имконият бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш