Logo

Туркиядаги “Мармара” аёллар колониясига ўзбек адабиётлари тўплами тақдим этилди

Январ 20, 2026. 15:07 • 55 сония

94
Туркиядаги “Мармара” аёллар колониясига ўзбек адабиётлари тўплами тақдим этилди

ИСТАНБУЛ, 20 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Туркиянинг Сиверек туманида жойлашган “Marmara” ёпиқ турдаги аёллар жазони ижро этиш колониясига навбатдаги консуллик ташрифини амалга оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муассасага ташриф давомида Туркияда содир этган жиноятлари учун қамоқда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатлашилди. Уларнинг аҳволи ҳақида маълумот олинди, жазони ўташ шароитлари ўрганилди, зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Аввалги ташрифда ҳамюртларимиз ўзбек тилидаги адабиётлар сўраган эди. Шу боис, Бош консулхона ташаббуси ва Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Асахи” ва “Ҳилол нашр” босмахоналари кўмагида муассаса кутубхонасига Ўзбекистондан олиб келинган 100 дан ортиқ маърифий, илмий, диний ва оммабоп адабиётлар тўплами тақдим этилди.

Ташриф давомида тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароларининг яшаш шароитлари, озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизматдан фойдаланиш ва яқин қариндошлари билан телефон орқали мулоқот қилиш тартиби ўрганилди.

Фуқаролар билан якка тартибда ўтказилган суҳбатларда уларни қийнаётган муаммолар аниқланиб, ҳуқуқ ва эркинликлари, Туркия қонунчилигида белгиланган мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ташриф якунлари бўйича Бош консулхона томонидан аниқланган муаммо ва камчиликларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш