ТЕЗКОР: 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ҳиндистонга учиб келаётган чет эл фуқаролари электрон иммиграция картасини расмийлаштириши талаб этилади
Март 31, 2026. 16:32 • 2 дақ
• 126
ДЕҲЛИ, 31 март. /«Дунё» АА/. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ҳиндистон чет эл фуқаролари, жумладан, Ўзбекистондан келаётган йўловчилар учун жорий этилган қоғоз шаклидаги кириш иммиграция карталаридан воз кечмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Эндиликда самолёт бортида ёки аэропортда керакли қоғоз ҳужжатни тўлдириш ўрнига электрон кириш картасини (e-Arrival Card) олдиндан расмийлаштириш талаб этилмоқда.
Янги қоидаларга кўра, электрон картани Ҳиндистонга келишдан олдин 72 соат ичида тўлдириш зарур. Буни Ҳиндистон виза хизматининг расмий веб-сайти (https://indianvisaonline.gov.in/earrival) ёки «Su-Swagatam» мобил иловаси орқали онлайн тарзда амалга ошириш мумкин.
Бугун қоғоз шаклидаги иммиграция карталарини қабул қилишнинг охирги санасидир.
Мазкур янгиликнинг долзарблиги Ҳиндистон ва хорижий мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларнинг жадал ўсиши билан изоҳланмоқда. Масалан, бугунги кунда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳафтасига 20 га яқин йўловчи рейс амалга оширилмоқда. «Uzbekistan Airways» ва «Centrum Air» авиакомпаниялари Тошкентни Ҳиндистоннинг Деҳли, Мумбай ва Гоа каби йирик шаҳарлари билан боғламоқда.
Ёзги парвозлар жадвали доирасида парвозлар географияси ва сони янада кенгайиши кутилмоқда. Жумладан, «Uzbekistan Airways» Наманган ва Деҳли ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйишни режалаштирмоқда ва бу Фарғона водийси аҳолиси учун янги имкониятлар очади.
«Centrum Air» авиакомпанияси икки давлат пойтахтлари ўртасидаги парвозларни ҳафтасига уч мартагача оширишни мақсад қилган, «Qanot Sharq» ташувчиси эса Тошкент – Деҳли – Тошкент йўналиши бўйича мунтазам рейсларни бошлайди.
Парвозлар дастурининг кенгайиши ва йўловчилар оқимининг ўсишини инобатга олган ҳолда, сайёҳлар ва авиайўловчиларга e-Arrival Card электрон картасини олдиндан расмийлаштириш қатъий тавсия этилади.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Ҳиндистонга учиб келаётган ватандошларимизга олдиндан тайёрланган рақамли миграция ҳужжатининг мавжудлиги расмиятчиликларни камайтириш ва Ҳиндистон аэропортларида паспорт назоратидан ўтишда кечикишларнинг олдини олиш имконини беришини эслатиб ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси