Logo

Скандинавия мамлакатларида истиқомат қилаётган ватандошлар билан маърифий учрашувлар бўлиб ўтди

Март 31, 2026. 12:28 • 2 дақ

85
Скандинавия мамлакатларида истиқомат қилаётган ватандошлар билан маърифий учрашувлар бўлиб ўтди

СТОКГОЛЬМ, 31 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов бошчилигидаги делегациянинг Швецияга ташрифи доирасида Стокгольм шаҳрида 200 нафардан зиёд ватандошларимиз иштирокида маърифий учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир аввалида Швециядаги элчихонамиз ҳузуридаги Миллий маданий марказ раҳбари Зилола Юлчиева Марказ фаолияти, хусусан, хорижда миллийликни сақлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва таълим-тарбия ишлари юзасидан тақдимот ўтказди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда Швеция, Норвегия ва Данияда меҳнат қилаётган ва истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда маънавий ҳаётини бойитиш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.

Муфтий Нуриддин Ҳолиқназар ўз нутқида юртимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган ютуқларга тўхталиб ўтди. Жумладан, Рамазон ҳайити арафасида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий масжид-мажмуасининг фойдаланишга топширилиши нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон олами учун катта байрам туҳфаси бўлгани қайд этилди.

Учрашув якунида ватандошлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Бу каби мулоқотлар хориждаги юртдошларимизнинг она Ватан билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг маънавий бирлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш