“Тhe Times”: Нима учун маданият шайдолари Ўзбекистон сари ошиқмоқда?
Декабрь 22, 2025. 18:56 • 2 дақ
• 156
ЛОНДОН, 24 декабрь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг оммабоп “Тhe Times” газетасида “Нима учун маданият шайдолари Ўзбекистон сари ошиқмоқда?” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, қадимда Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган Самарқанд шаҳри дунё сайёҳлари учун муқаддас маскан саналган. Меҳмонлар Самарқанд орқали Бухоро замини сари отланган. Савдогар ва сайёҳлар дунё маданияти ва санъати маркази ҳисобланган бу масканларга келиш учун саҳрою улкан тоғ тизмалари, чексиз кенгликларни босиб ўтган.
Бугунги кунда ҳам ушбу заминда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу ердаги маҳобатли мақбаралар, миллий қадрият ва урф-одатлар саёҳатчиларни яна Ўзбекистонга чорламоқда.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон улкан маданий салоҳиятга эга бўлса-да, узоқ вақт давомида бу ерда туризм рағбатлантирилмаган. Мамлакат Совет Иттифоқи таркибида бўлган йилларда (1991 йилгача) ва ҳатто 2016 йилгача ҳам бу ерда эркин ҳаракатланиш деярли имконсиз эди. Ўша пайтларда виза олиш мураккаб вазифа, ҳужжатлар йиғиш эса зерикарли жараён бўлган. Бироқ ҳозирги ҳукумат туризмдан иқтисодиётни ривожлантириш йўли сифатида фойдаланмоқда.
“Ўзбекистонда туризм соҳасига берилаётган катта эътибор туфайли эски совет инфратузилмаси тез ва самарали тарзда модернизация қилинмоқда. Озода, тезкор ва кондиционерли қулай поездлар, халқаро брендларга тегишли бўлган янги меҳмонхоналар пайдо бўлди. Пойтахт Тошкентдан Самарқандга поездда бориш бор-йўғи икки соатни ташкил этади”, – дея таъкидланган материалда.
Шунингдек, материалда Лондондаги Британия музейида Ўзбекистон маданияти ва тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи “Ипак йўли” ҳамда Париждаги Лувр музейида “Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги” номли кўргазмалар ташкил этилгани хусусида маълумотлар берилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Россиянинг “Первый канал”ида Самарқанд ҳақида махсус кўрсатув намойиш этилди
“Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси Покистон ОАВда кенг ёритилди