Ўзбекистон ва Миср ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Декабрь 28, 2025. 10:00 • 2 дақ
• 344ҚОҲИРА, 28 декабрь. /“Дунё” АА/. Миср пойтахтида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Мисрнинг сайёҳлик компаниялари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида элчихона дипломатлари Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатда хорижий сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида сўзлади. Ўзбекистонга туристик саёҳатларни режалаштираётган Миср фуқаролари учун кириш визаларини расмийлаштириш тартиби, амалдаги енгиллик ва имтиёзлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Иштирокчиларга мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган видеоматериаллар намойиш этилди. Унда Бухоро, Хива, Самарқанд каби тарихий шаҳарлар, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги замонавий сайёҳлик масканлари ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирда қатнашиш учун Ўзбекистондан Қоҳирага ташриф буюрган Бухоро давлат университети тарих ва ҳуқуқ факультети декани Бобир Намозов ва профессор Алишер Очилов Ўзбекистон тарихи бўйича маъруза қилди ва Бухоронинг сайёҳлик масканлари ҳақида гапирди.
Мисрлик ёзувчи ва эксперт Аҳмад Тарабек Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган тарихий шахслар ҳақида маълумот бериб, ўзининг “Мисрдаги ўзбеклар тарихи” китоби ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашувда мисрлик блогер Мустафо Абу Равашнинг юртимизга ташрифи давомида тайёрлаган “Ўзбекистон мисрликлар нигоҳида” номли видеоролиги намойиш этилди.
Тадбир якунида икки мамлакат сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда мунтазам равишда сайёҳлик турларини ташкил этиш бўйича фикр-мулоҳаза алмашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

