Покистон ва Жанубий Корея инвесторларидан иборат делегация Ўзбекистонга келди
Апрель 23, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 148
ИСЛОМОБОД, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Покистон ва Жанубий Кореялик инвесторлардан иборат делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
21 апрелдан 28 апрелгача давом этадиган мазкур ташриф давомида иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича турли учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Делегация таркиби Покистоннинг “Habib Rafiq (Pvt.) Limited” ҳамда Жанубий Кореянинг “AKS Information”, “Halla Engineering”, “Seoha Engineering and Construction”, “Office for Civic Solutions”, “Samoo CM” каби қатор компаниялари вакилларидан иборат. Делегацияга “Habib Rafiq (Pvt.) Limited” бош директори Малик Муҳаммад Аслам бошчилик қилмоқда.
Ушбу сафар арафасида Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев инвесторлар билан кўришиб, ташриф масалаларида фикр-мулоҳаза алмашган эди. Хусусан, сафар давомида амалга ошириладиган инвестициявий лойиҳалар муҳокама қилинган.
Покистонлик ва кореялик ишбилармонлар ташриф давомида юртимиздаги турли вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Шу билан бирга, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида қатор музокаралар ташкил этилиши белгиланган.
Музокаралар жараёнида йирик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида замонавий талабларга жавоб берадиган “Data-марказ” барпо этиш, Хоразм вилоятида “Янги Ўзбекистон” турар-жой массивини қуриш, Самарқанд шаҳрида кўп қаватли замонавий уй-жой комплекси бунёд қилиш, Пайариқ туманидаги Ал-Бухорий мажмуаси ҳудудида сайёҳлар учун барча қулайликларга эга хостел ташкил этиш ҳамда Янги Тошкент ҳудудида янги турар-жой мажмуаларини қуриш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, делегация аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган тарихий обидалар ва музейлар билан яқиндан танишади.
Ушбу ташриф Ўзбекистон, Покистон ва Жанубий Корея ўртасида инвестиция, қурилиш, рақамли технологиялар, шаҳарсозлик ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли уч томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси