Logo

Жерси оролида ўзбек аскарини қутқарган оила вакилларига “Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди

Май 08, 2026. 09:00 • 3 дақ

384
Жерси оролида ўзбек аскарини қутқарган оила вакилларига “Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди
Жерси оролида ўзбек аскарини қутқарган оила вакилларига “Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди
Жерси оролида ўзбек аскарини қутқарган оила вакилларига “Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди
Жерси оролида ўзбек аскарини қутқарган оила вакилларига “Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди
Жерси оролида ўзбек аскарини қутқарган оила вакилларига “Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди

СЕНТ-ХЕЛИЕР, 8 май. /“Дунё” АА/. Жерси оролида Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистлар концлагеридан қочган ўзбек аскари Боқижон Акрамовнинг ҳаётини сақлаб қолган Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонлар оиласига Ўзбекистоннинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшган инсонлар хотираси яна бир бор ёдга олинмоқда. Иккинчи жаҳон уруши даврида содир бўлган ушбу воқеа орадан 80 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, халқлар ўртасидаги инсонийлик ва ўзаро меҳр тимсоли сифатида қадрланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарорига мувофиқ, Буюк Британия фуқаролари – марҳум Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонлар “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси Равшан Усмонов Жерси оролига ташриф буюриб, мукофотни марҳум оиланинг фарзандлари – Далси ва Алан Ле Бретонларга тантанали равишда топширди.

Тақдирлаш маросими Далси Ле Бретон даволанаётган “Cheval Roc” қариялар уйида бўлиб ўтди. Унда муассаса раҳбарияти, маҳаллий аҳоли, “Jersey Heritage” ташкилоти вакиллари ҳамда “BBC”, “ITV” ва бошқа оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан муассаса раҳбари Ник Бетани британиялик оиланинг инсонпарварлигини юксак баҳолаган Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди. У мукофотнинг Жерси ороли фашистлар истилосидан озод этилганининг 81 йиллиги арафасида топширилгани алоҳида рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Далси ва Алан Ле Бретонлар ота-оналари хотирасини илиқ сўзлар билан ёдга олиб, Ўзбекистон халқига самимий миннатдорлик билдирди. Улар фашизм бутун инсоният учун таҳдид бўлганини, ғалаба эса халқларнинг бирлиги ва ўзаро ёрдами туфайли қўлга киритилганини таъкидлади.

Шунингдек, улар Боқижон Акрамов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашиб, оила аъзолари орасида “Том амаки” номи билан танилган ўзбек аскари меҳнаткашлиги, камтарлиги ва инсоний фазилатлари билан қисқа вақт ичида оиланинг меҳрини қозонганини қайд этди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошланган ушбу воқеа бугунги кунда Ўзбекистон ва Буюк Британия халқлари ўртасидаги дўстлик ва инсоний қадриятларнинг рамзига айланган. У “BBC” ва Британиянинг бошқа етакчи оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.

Жерси – Ла-Манш бўғозида жойлашган Нормандия оролларининг энг йириги бўлиб, 1940 йил июль ойида фашистлар томонидан босиб олинган. У ерда ҳарбий инфратузилма ва ерости бункерлари барпо этилган.

Оддий ўқитувчи бўлиб ишлаган Боқижон Акрамов уруш бошлангач, армияга сафарбар этилган ва Украина фронтига жўнатилган. Жанглардан бирида немис қўшинлари 12 минг совет аскарини қириб ташлаган. У каби тирик қолганлар асир олинган ва бошқа совет аскарлари қатори концлагерга жўнатилган.

1942 йил июль ойида у икки минг асир билан бирга Жерси оролига олиб келиниб, ерости туннеллар қурилишига жалб этилган. Ойлаб давом этган очлик ва оғир синовлар қарамасдан, у асирликдан қочишга муваффақ бўлган.

Ле Бретонлар оиласи эса ҳаётини хавф остига қўйиб, қочқин аскарга ўз уйидан бошпана бериб, уни деярли уч йил давомида фашистлардан яшириб келган. 1945 йил май ойида Боқижон Акрамов ўз Ватани – Ўзбекистонга қайтиб келган.

Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонларнинг бу жасорати инсонпарварликнинг ёрқин намунаси сифатида абадий қадрланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш