Санкт-Петербургда “Сен етим эмассан” ўзбек бадиий фильми намойиш этилди
Май 04, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 249САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 4 май. /“Дунё” АА/. Бош консулхона вакиллари томонидан Санкт-Петербург Политехника университети қошидаги “Технополис Политех” илмий-тадқиқот марказида 1962 йилда Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган “Сен етим эмассан” ўзбек бадиий фильми намойиш қилинди.
Тадбир Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўзбек кино меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда Санкт-Петербург политехника университети ўқитувчилари, талабалар, илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва ватандошлар қатнашди.
Учрашувда университет проректори Дмитрий Арсеньев уруш йилларида Тошкентда турли миллат вакилларидан бўлган 14 нафар болани тарбиялаган ўзбек оиласи – Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Баҳри Акрамованинг инсонпарварлиги ва жасорати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. У “Сен етим эмассан” бадиий фильмида инсонпарварлик ва меҳр-шафқат каби умуминсоний қадриятлар мужассам эканини қайд этди. Проректор Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини билдирди.
Бош консулхона дипломати Кабул Алимов тадбирни ташкил этишда университет вакилларига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди. У тадбир иштирокчиларига фильмнинг яратилиш тарихи, "Ҳазрати инсон" романи муаллифи Раҳмат Файзий ва режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқарли маълумотлар берди.
Ушбу фильм гарчи бир неча бор кўрилган бўлса-да, намойиш давомида залда самимий ва таъсирли муҳит ҳукм сурди. Университет вакили Татьяна Землинская фильмни аввал ҳам кўп бора кўрганини, ҳар сафар томоша қилганида қалбида ажиб ҳис-туйғулар уйғонишини таъкидлади.
Ҳиндистонлик талаба Ведант Гупта Россия ва Ўзбекистон халқлари тарихи, ўзбек халқининг инсонпарварлиги ва бағрикенглиги билан яқиндан танишиш имкони яратилгани учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

