Нидерландияда 2-жаҳон уруши қурбонлари бўлган ўзбекистонлик аскарлар хотираси ёд этилди
Апрель 14, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 234
ЛЕЙСДЕН, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Нидерландиянинг Лёйсден шаҳри яқинидаги “Кудрист” монументи хиёбонида Марказий Осиёдан, хусусан, Ўзбекистондан бўлган 77 нафар аскар хотирасига бағишланган анъанавий ёд этиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси дипломатлари, Лёйсден шаҳри мэри Герольф Баумистер, “Совет шон-шараф майдони” жамғармаси раҳбарияти, жамоатчилик фаоллари ҳамда Нидерландияда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.
Тадбир давомида Нидерландия ҳукумати ва “Совет шон-шараф майдони” жамғармасига, хусусан унинг раиси Ремко Рейдингга аскарлар қабрини ободонлаштириш, Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ҳамда номаълум аскарларнинг шахсини аниқлаш борасидаги кўп йиллик заҳматли саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирилди.
Таъкидланганидек, бу ерда дафн этилган 101 нафар аскарнинг 77 нафари айнан ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг тақдирини ўрганиш нафақат тарихий, балки юксак маънавий аҳамиятга эга.
Маросим якунида Ўзбекистон вакилларининг жасоратини улуғлаш, ушбу йўналишдаги илмий-қидирув ишларини давом эттириш ҳамда маданий-маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси