Logo

Ўзбек ва турк олимлари Навоий ижодини таҳлил қилди

Апрель 07, 2026. 09:00 • 2 дақ

181
Ўзбек ва турк олимлари Навоий ижодини таҳлил қилди

АНҚАРА, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Туркия пойтахтида Анқара Ижтимоий фанлар университети, Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида халқаро илмий анжуман ўтказилди.

“Алишер Навоийнинг мероси” мавзуси ўтказилган анжуманнинг очилиш маросимида Туркия Буюк миллат мажлисининг Ўзбекистон билан парламентлараро дўстлик гуруҳи ҳамраиси Осман Местен, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди директори ўринбосари Феруза Тўрахўжаева ҳамда университет проректори, профессор Мунира Кавсар Бош иштирок этди.

Анжуман доирасида ўтказилган илмий-маърифий сессияда Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи олимлари – Абдураҳмон Гўзал, Кемал Явуз Атаман, Нарзулла Жўраев ва Абдуҳалил Маврулов мавзу юзасидан сўз юритди. Маърузаларда Алишер Навоийнинг туркий дунё маданиятига қўшган улкан ҳиссаси тарихий ва фалсафий жиҳатдан таҳлил қилинди.

Иштирокчилар Навоий меросининг бугунги кундаги аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда шаклланаётган “Учинчи Ренессанс” ғоясида улуғ аждодлар, жумладан, Навоийнинг маънавий мероси муҳим ўрин тутади.

Анжуман якунида иштирокчилар Анқара шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкалини зиёрат қилиб, унинг пойига гул қўйди.

Ушбу тадбир ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги адабий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш