Logo

Токиода туркий халқларнинг Наврўз шодиёналари бўлиб ўтди

Апрель 06, 2026. 14:56 • 2 дақ

30
Токиода туркий халқларнинг Наврўз шодиёналари бўлиб ўтди

ТОКИО, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Япония пойтахтидаги Турк маданият марказида туркий тилли мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида Наврўз байрамига бағишланган тантанали маданий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тантаналар доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркиянинг миллий кўргазмалари ташкил этилиб, уларда қардош халқларнинг бой маданий мероси, қадимий анъаналари ва халқ амалий санъати дурдоналари намойиш этилди. Мазкур байрам сайилида дипломатик корпус, Японияда истиқомат қилаётган туркий халқлар вакиллари ҳамда япон жамоатчилигидан иборат қарийб 200 нафар меҳмон иштирок этди.

Диққат марказида бўлган Ўзбекистон миллий бурчагида юртимизнинг бетакрор маданияти кенг ёритилди. Ташриф буюрувчиларга кулолчилик, каштачилик ва ёғоч ўймакорлиги каби миллий санъат намуналари, атлас ва адраслардан тикилган бежирим либослар ҳамда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи видеороликлар тақдим этилди. Меҳмонлар ўзбек халқининг қадимий тарихи ва замонавий туристик имкониятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Маданий дастур давомида ижро этилган туркий халқларнинг жўшқин куй-қўшиқлари ва анъанавий рақслари йиғилганларга хуш кайфият бағишлади. Шунингдек, дастурхонга тортилган баҳорий таомлар хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг маданий дипломатиясини илгари суриш, миллий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ҳамда Япония билан гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш