Logo

Ашхободда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига бағишланган брифинг ўтказилди

Январ 30, 2026. 15:22 • 2 дақ

102
Ашхободда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига бағишланган брифинг ўтказилди

АШХОБОД, 30 январь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Туркманистондаги элчихонасида "Ўзбекистон–2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Туркманистоннинг эксперт-таҳлил доиралари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Брифинг давомида қатнашчиларга стратегиянинг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари, белгилаб берилган мақсадлар, шунингдек, ҳозирга қадар эришилган натижалар атрофлича тақдим этилди.

Ўзбекистоннинг 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган асосий дастурий ҳужжат экани таъкидланди. Стратегия доирасида 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад белгиланган бўлиб, уларнинг марказида инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва манфаатлари туради.

Шунингдек, ўтган даврда стратегияни амалга ошириш доирасида ижобий натижаларга эришилгани, жумладан, иқтисодий ўсиш таъминлангани, ишсизлик ва камбағаллик даражаси қисқартирилгани, инвестиция ва экспорт салоҳияти ошгани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, жаҳонда рўй бераётган геосиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, технологик тараққиёт, экологик омиллар ҳамда ички иқтисодий ва демографик жараёнлар стратегияни янгилаш заруратини юзага келтираётгани қайд этилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасига мувофиқ, 2026-2030 йилларга мўлжалланган "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг янгиланган таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Янгиланган стратегия “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган очиқ ва конструктив ташқи сиёсатни давом эттиришга, минтақавий ҳамкорликни, шу жумладан Туркманистон билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш