Тошкентда Ўзбекистон–Туркия ишбилармонлар форуми бўлиб ўтади
Май 01, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 346
ТОШКЕНТ, 1 май. /“Дунё” АА/. Шу йил 5 май куни Тошкент шаҳрида иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда саноат соҳасида стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон–Туркия ишбилармонлар форуми ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари, Технологик металлар комплекси (ТМК) ҳамда “OSTİM Organize Sanayi Bölgesi” ҳамкорлигида ташкил этилади.
Форумда иштирок этадиган, юртимиздаги етакчи саноат тузилмаларидан бири — Ўзбекистон технологик металлар комплекси критик минераллар ва технологик металлар соҳасида фаолият юритувчи йирик корхона ҳисобланади. ТМК саноат экотизими сифатида халқаро инвесторлар учун ишончли ҳамкорга айланган. У геологик қидирувдан бошлаб, қазиб олиш, чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ “кон–металл–бозор” қиймат занжирини амалга оширади.
Тадбирда ТМК томонидан критик минераллар соҳасидаги истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдим этилиши режалаштирилган. Шунингдек, саноат кооперациясини кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар муҳокама қилинади.
ТМК стратегияси фақат хомашё қазиб олиш билан чекланмай, балки илғор қайта ишлаш технологияларини жорий этиш ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга асосланган индустриал моделни ривожлантиришга қаратилган.
Ишбилармонлар форумида TMK тизимидаги қатор ихтисослашган корхоналар ҳам ўз лойиҳалари билан иштирок этади. Хусусан, “TMK Chemicals” – олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш бўйича саноат лойиҳалари, “R&D Park” – критик минераллар соҳасида илмий тадқиқот ва инновациялар маркази, “Келажак металлари технология парки” – ноёб ва критик металларни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган технологик платформа, “UTMK Smart Powder” – кукун металлургияси асосида юқори технологик материаллар ишлаб чиқариш йўналиши “Graphtech Mining and Production” – замонавий кончилик ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини намойиш қилади.
Форум ТМК учун халқаро инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, янги технологияларни жалб қилиш ва глобал қиймат занжирига интеграцияни кучайтириш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси