Бокудан муносабат: Чехия Бош вазирининг ташрифи Европа давлатларининг Марказий Осиёга эътибори ортаётганидан далолат
Май 01, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 119
БОКУ, 1 май. /“Дунё” АА/. Озарбайжонлик таниқли сиёсатшунос ва таҳлилчи Илгар Велизаде “Дунё” ААга Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларини фаол равишда кенгайтирмоқда. Мамлакат иқтисодиётида либераллашув ва инвестицияларни жалб қилиш сиёсати изчил давом этмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон фақат бозор ёки хомашё манбаи эмас, балки саноат, энергетика, инфратузилма ва логистика соҳаларида аниқ лойиҳалар таклиф қила оладиган ишончли ҳамкор сифатида шаклланмоқда. Шунингдек, унинг географик жойлашуви Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт йўлакларида муҳим ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан, Чехия Бош вазирининг ташрифи нафақат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни, балки Европа давлатларининг Марказий Осиёдаги иштироки кенгайиб бораётганини ҳам кўрсатади. Чехия учун Ўзбекистон машинасозлик, энергетика ва транспорт инфратузилмаси соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бу эса Прагага ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш ва айрим анъанавий бозорларга боғлиқликни камайтириш имконини беради.
Ўзбекистон томони эса Чехия ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Бу иқтисодиётни модернизация қилиш, янги инвестициялар жалб этиш ва Европа бозорларига чиқиш имкониятларини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон кўп векторли ташқи сиёсат юритиб, бир давлатга ортиқча қарам бўлиб қолмасликка интилади. Бу унинг ташқи иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, бўлиб ўтган музокаралар Тошкент ва Прага ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Европа давлатлари ўртасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси