Ўзбекистон ва Германия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Декабрь 22, 2025. 09:46 • 2 дақ
• 148ДЮССЕЛЬДОРФ, 24 декабрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ери пойтахтида “Ўзбекистонни кашф этинг!” мавзусида туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан Шарқ-Ғарб иқтисодий клуби “DRW Wirtschaftsclub Ost-West e.V.” кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда туризм соҳаси мутахассислари, немис ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари ва журналистлар иштирок этди.
Тадбир давомида дипломатия ваколатхонасининг иқтисодиёт ва туризм масалалари бўйича масъул котиби Мирғиёс Азимов йиғилганларга юртимизнинг бой сайёҳлик имкониятлари, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар ва Ўзбекистон–Германия ўртасидаги туризм соҳасидаги самарали ҳамкорлик ҳақида атрофлича маълумот берди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг дунё сайёҳлик харитасидаги ўрни мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўн ойи давомида мамлакатимизга 10 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Европа давлатлари ичида Германия Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар сони бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллаб тургани таъкидланди.
“DRW Ost-West e.V.” клуби бошқаруви раиси Райнер Бисген ташкилот 2013 йилдан буён Ғарбий – Шарқий Европа ҳам Марказий Осиё компаниялари раҳбарлари ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келаётганини таъкидлади. “Биз учун дўстона муҳитда мулоқот қилиш жуда муҳим. Ўзбекистон иқтисодий ҳамкор сифатида тобора жозибадор бўлиб бормоқда. Республика иқтисодиётни ислоҳ қилиш, уни бозор тамойиллари асосида ривожлантириш ҳамда хорижий давлатлар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга муваффақ бўлди. Бу каби тадбирлар икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади”, – деди у.
Тақдимотда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби тарихий шаҳарларнинг жозибадорлиги, замонавий меҳмонхона хизматлари ва сайёҳлар учун яратилган визасиз режим имкониятлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчихонаси томонидан ушбу салоҳиятли федерал ўлка пойтахтида доимий тарзда мамлакатларимиз ўртасида юқори даражадаги тадбирлар ўтказиб келинади. Ўтказилган бизнес-мулоқотларда иқтисодий ҳамкорлик ва Европа компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириши масалалари муҳокама қилинган бўлса, галдаги тадбир икки давлат ўртасидаги туризм йўналишини янада кучайтиришга қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган видеолавҳалар намойиш этилди ва ўзбекона дастурхон ёзилиб, гастрономия туризми намойиш этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Немис туроператорлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан танишди
Ўзбекистон–Япония ўртасида сайёҳлар алмашинуви ривожланмоқда
Германиянинг Мюнхен шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди
Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди



