Logo

Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Декабрь 16, 2025. 09:39 • 2 дақ

176
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

ИСЛОМОБОД, 16 декабрь. /“Дунё” АА/Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг марказий “Pakistan TV” телеканали директори Адил Шахзеб билан учрашди, хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот аввалида элчи давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ОАВни ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, сўз эркинлигини таъминлаш йўналишидаги ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўплаб давлат ва нодавлат телеканаллар фаолияти йўлга қўйилгани таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон–Покистон ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари, қўшма ижодий лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат медиа вакилларининг ўзаро ижодий сафарларини ташкил қилиш, журналистлар ва техник ходимлар малакасини ошириш, ўқув-семинарларини уюштириш каби масалаларни муҳокама қилди.

Адил Шахзеб “Pakistan TV” фаолияти ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, хорижий ОАВ билан тегишли шериклик алоқаларини ўрнатиш орқали Покистон жамоатчилигига халқаро майдонда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида тезкор ва холис ахборотлар етказиб берилмоқда.

“Pakistan TV” Россия ва Озарбайжон каби давлатларнинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ва тегишли меморандумларни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар орқали ахборот, концерт дастурлари, маданий-маърифий дастурлар алмашинуви каби йўналишларда ижодий шериклик йўлга қўйилган. Ўзбекистон телеканаллари билан ҳам ижодий алоқаларни йўлга қўйиш ва Англашув меморандумини имзолашга тайёрмиз”, – деди Адил Шахзеб.

Таъкидланишича, мазкур келишувнинг имзоланиши, Ўзбекистонда рўй бераётган воқеалар тўғрисида мунтазам холис ва долзарб ахборот узатиш ҳамда алмашиш имкониятларини янада кенгайтиради. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳақидаги ахборотлар билан Покистон жамоатчилигини ўз вақтида хабардор этиш, давлат ва жамоат арбоблари, эксперт ва таҳлилчилар, ОАВ вакилларининг мамлакатларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан томошабинларни мунтазам таништириб бориш ишларини самарали ташкил этишга ҳам хизмат қилади.

Покистон томони ижодий шерикликни йўлга қўйиш мақсадида “Pakistan TV” телеканали делегациясининг Ўзбекистонга сафарини уюштириш ташаббусини илгари сурди.

Учрашув якунида “Pakistan TV” телеканали билан келгусида Ўзбекистонда кечаётган самарали ислоҳотлар, юртимизнинг бой маданий мероси, туризм салоҳиятига бағишланган янги телелойиҳаларни тайёрлаш ва намойиш этишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш