Ўзбекистоннинг Непалдаги биринчи элчиси ушбу мамлакат Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Декабрь 12, 2025. 17:40 • 2 дақ
• 142
КАТМАНДУ, 12 декабрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Непалдаги биринчи элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат Президенти Рамчандра Пауделга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Непал раҳбари Ўзбекистоннинг биринчи элчиси тайинлангани учун чуқур миннатдорлик билдириб, Тошкент билан кўп қиррали алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар икки томонлама кун тартибидаги кенг кўламли масалаларни муҳокама қилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Непал томони гидроэнергетика, туризм ва таълим каби соҳаларда ўзаро алоқалар учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этиб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Президент Рамчандра Паудел, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. У глобал иқлим ўзгариши ва тоғлар экологияси каби долзарб масалалар бўйича биргаликда ишлашга бўлган ўзаро қизиқишга эътибор қаратди.
Суҳбат якунида Рамчандра Паудел Непалнинг узоқ муддатли дўстона шерикликка содиқлигини тасдиқлади ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.
Ўзбекистон ва Непал ўртасида дипломатик муносабатлар 2018 йил 26 январь куни ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги элчиси Сардор Рустамбоев Деҳлида 2024 йил январь ойида ўз фаолиятини бошлаган. Бундан олдин у мамлакатимизнинг Франция ва Португалиядаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган. Дипломат 45 ёшда. Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат шарқшунослик университети, Лондон университетининг (Буюк Британия) Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган. Сиёсий фанлар номзоди илмий даражасига эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади
Буюк Британиялик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди
Ўзбекистон ва Покистон хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда сифатли мева-сабзавот навларини яратишда Британия тажрибаси қўлланилади